воскресенье, 16 марта 2014 г.

Шармандалар



Биз тарафларда одамлар молдек ичиб олишади-да, ақллари ошиб, сиёсат бобида фалсафа сўқишга тушиб кетишади. Ва биз тарафда ичмайдиган одам йўқ. Барчалари барча кулфатлари учун ҳукуматни балогардон қилишади бир овоздан. Шундай муҳитда туғилганман. У жойларга бормай кетганимга ўн йилдан ошган бўлса ҳам, онгу шууримда оппозициячилик руҳи шаклланиб бўлган эди.

Китобларни ўқиганимда доим инқилобчи образларга ҳавасманд бўлдим. Саҳифалардаги қаҳрамонларим сувратларини айрича ардоқлар эдим. Кинолар ҳам жуда таъсирлантирар эди менинг бу берилувчан кўнглимни. Ўсмирлик йилларимнинг кўп хаёллари бирон яширин ташкилотга аъзо бўлиш дарди билан ўтган. Ёшлигимнинг тонгида зимистоний бўлиб қолганим ҳам шундандир. Атрофдагилар мен ҳақимда, “Бу албатта жувонмарг бўлиб кетади яқин орада” дейишарди. Ҳатто, баъзи қизлардан, “Шаккок фикрларингиз учун қамалиб чиққанмисиз?” га ўхшаш саволларни олганман.

Университетга келганимда мени тезда пайқашди. Аввало интернетдан фойдаланишни ўргатди ўша “дўстларим” ( ўша йилларда ҳали бизда буни, интернетдан фойдаланишни кимдир ўргатиши керак эди), бир-бир таниша бошладим. Уларни таниб олишимга кўп вақт кетмади. Бирданига фаришталар ўрнига барча туйнуклардан ўғри-қароқчилару фоҳишалар чиқиб келгандай бўлганди ўшанда. Ўшанда барча китоблар менга панд берганини англадим.

Ўзбек жамиятида ижтимоий эркинликлар пайдо бўлиши “Михаил Горбачёв баҳори” билан боғлиқ. Худди ўша даврда зиёлилар қатлами миллатпарварлик ғоялари билан майдонга чиқишди, совет тузуми истибдодига қарши курашга сафланишди. Ўша кунларда барча бир мақсад йўлида бирлашган, ватан озодлиги учун якдил бўлишган эди. Кейин Собиқ Иттифоқ парчаланди ва республика мустақилликка эришди. Кейин маҳаллий элитамиз ҳокимият учун ўзаро курашга ўтиб кетишади. Сайлов бўлиб ўтади. Унда қарийб тенгма-тенг кураш кечиб, якунда ХДП ғалаба қозонади. Отамнинг хотираларига таянадиган бўлсак, янги ҳукумат раҳбари ўз рақобатчиларига яхшигина таклифлар билан мурожаат қилган, лекин улар келиша олишмаган. Ва кейин улар ўзини мухолифат деб эълон қилишган ва мамлакат ҳудудидан чиқиб кетишган. Ўшандан бошлаб ташқарида туриб, ичкаридаги умумий аҳвол ҳақида тинмасдан танқидий мулоҳаза ва муносабатларини билдириб келишади.

Менинг бугунги мурожаатим ўша ўзини мухолифат деб атайдиган сиёсий кучларга қаратилади. Биз аграр давлатдан индустриал давлатга ўтиш босқичида эдик. Жаҳон тажрибасидан аёнки, бу ҳолатда авторитар режимдан бошқачаси ўзини оқламаган. Улар шугина ҳақиқатни тушунишмади ёки тушунишни хоҳлашмади. Тан олиш керак, вақтида улар беқиёс хизматларни кўрсатишган, хусусан, ягона ўзбек тили давлат тили мақоми сифатида қабул қилиниши айнан уларнинг саъй-ҳаракатлари эвазига бўлган. Маориф тизимидаги илк ислоҳотлар учун ҳам шу зиёлиларимиздан миннатдор бўлсак арзийди. Шу жойида албатта лекинлар бошланади...
Аввало, бугун улар қаерда? Кимдир Туркияда, кимдир Буюк Британияда, яна аллақанчалар Европа ва Океанортининг турли ҳудудларига сочилиб кетишган.
Қайта-қайта демократия талаб қилишади постиндустриал давлатларда ўтирволишиб. Ахир у жамиятлардаги сиёсий тизимлар билан Осиё, Африка ёки Жанубий Америка шароитини солиштириб, орзуларга берилишда мантиқ борми?
Улар бугун кимлар билан ҳамкорлик қилишмоқда? Партияларнинг мавжудлигини таъминлашнинг ўзи учунгина талаб этиладиган неча-неча маблағларни қандай мавҳум ташкилотлар қандай мавҳум ниятлар эвазига бериб туришипти экан?..
Умуман уларда ўзларини сиёсий мухолифат деб аташ учун МАЪНАВИЙ ҲАҚ борми? Халқ билан елкадош бўлиб, халқ ичида юришмаган бўлишса, халқнинг дардини бирга баҳам кўришмаса, муайян истиқболли дастурларига эга бўлишмаса. Ахир қандай ишонмоқ мумкин уларга, ўз ғоялари учун фидойилик қила олишмаса? Керак бўлса келиш керак. Керак бўлса, зиндонларга ётиш керак. Керак бўлса, калтаклар еб, чидаш керак. Манделани эсланг, қанча чидаган!
Биз ҳам янги даврларда яшагимиз келади...

P/S: Биз тарафлардаги арақхўрларнинг "сиёсий савиясини ошириш"да ҳормай-толмай меҳнат қилаётган, ўзларини "оташин ватанпарварлар" ёхуд "муросасиз ўтюраклар" каби алламбало турфа мақомлар билан сийлашга жазм этган, "Озодлик" ёки "BBC" минбарларидан турли холис ва нохолис чиқишлар қиладиганлар эса илло-билло сиёсий мухолифат эмас! Улар шунчаки "вазифа бажарувчилар" ҳисобланишади. Бугун танқидий муносабатлари билан аййуҳаннос солишдан тинмаётган бу бандалар, эртага буюртмачиларнинг хоҳишларига биноан мақтовлар ёғдиришга ўтиб олишлари ҳеч гап эмас.

суббота, 15 марта 2014 г.

Тамаъгирлик тизими-1




Назаримда, жамиятимизда порахўрлик шу қадар чуқур илдиз отганки, энди унга қарши курашиш буткул бесамар бир ишга ўхшайди. Гўёки, девни шишасидан чиқариб юборишган ва энди уни қайтариб яна шишага киритиш амри маҳол, умуман иложсиз ишдир эҳтимол.

Мен бу гапларни бировдан эшитиб билган эмасман.

Ҳаётнинг бу зарурати билан илк бор тўқнаш келганимга ўн йилдан ошди. Қанча ошганини аниқ эслай олмаяпману, ўшанда Тошкентда навбатдаги портлашлар юз берган, шаҳарда фавқулодда вазият жорий қилинган, кўчада қимирлаган жон борки ушланиб, махсус юк уловларига ортилиб, тегишли жойларга олиб бориб ташланаётган кунлар эди. Ҳужжатларим жойида эди. Лекин шунга қарамай, бир катакка тиқиб қўйишди, тиқишганда ҳам ҳар хил қаланғи-қасанғилар орасига киритиб юборишди. Дардимни кимга айтардим? Пойтахтда фавқулодда ҳолат бўлса… Ҳаммаёқ тўс-тўполон. Табиийки, ўша хонада бир неча кунлаб қолиб кетишга чидай олмасдим. Иш шу билан хотималандики, бошлиқнинг кўнглини топиб, бор пулимни унга топширдим, майор эса протоколни йиртиб ташлади ва кетишимга ижозат берди.
Ундан кейин ҳам кўп маротабалаб милиция таянч пунктларида “меҳмон” бўлишга тўғри келган. Ҳар сафар ҳамёнимдаги муллажиринглар жонимга оро кирарди.

Ошна-оғайниларимнинг кўпчилиги иқтисодий фаолият билан (баъзилари ташқи иқтисодий фаолият билан ҳам) шуғулланишади. Уларнинг гапига қараб ҳукм қилинса, шундай таассурот ҳосил бўладики, бизда коррупция энг авж олган тизимлар – божхона ва солиқ идоралари. Лекин, ўзим ҳали гувоҳ бўлмаганим учун, бу бўйича ёзишни кейинроққа қолдираман.

Ахир шундоғам, қаёққа қараманг, ҳар тарафда – қинғир ишлар. Масалан, ҳарбий комиссарликни олайлик. Аниқ қанча билмайману, армиядан озод бўлиш учун қанчадир бериш керак. Пулнинг аниқ миқдори армияга бориши керак бўлган болани олиб қолиш қанчалик осон ёки қийинлигига боғлиқ. Агар илинадиган бирон томони бўлса, масалан, бирон касали бўлса, майли, армиядан қолдирадиган даражада жиддий касал бўлмаганда ҳам, бу иш арзонроққа битади. Агар ҳечқанақа баҳона-ю илинж бўлмаса, қимматроққа тушади. Бундан ташқари, пулнинг миқдори, таниш-билишчиликка ҳам боғлиқ. Бу омил анча енгилликлар бериши тайин. Шуниси аниқки, медкомиссия аъзолари ҳам, военкомат ходимлари ҳам, бажонидил пора олишади.

Олий ўқув юртларида эса бу ҳолат бошидан охиригача узлуксиз давом этади. Бу ерда ҳаммаси кириш имтиҳонларидан бошланади. Бунда пора беришнинг “улгуржи” ва “чакана” тарзидаги турлари бор. Дейлик, учта фандан имтиҳон топширишингиз керак. Улардан биттасини сотиб олса ҳам бўлади. Айтайлик, она-тили ва инглиз тилидан қўрқмайсиз, тайёргарлигингиз яхши, лекин тарихдан мазангиз йўқроқ, юрагингиз пўкиллаб турипти. Борасиз-да, фақат битта тарих учун ҳақини тўлайсиз. Бу “чакана” пора бериш ҳисобланади. Аммо пулни кимга берсам ишончли бўларкан деб, эшикма-эшик юргандан кўра, “улгуржи” тарзда ишни “бош порахўр” орқали битириб қўйган маъқулроқ. Бу йўл талаба бўлишни деярли кафолатлайди.

Танлов имконияти ўқишга киргандан кейин ҳам сақланади – ёки ўқишни, ёки пул тўлашни танламоқ мумкин.
Ҳозирги кунда давлат таълим тизимида уччига чиққан порахўр ва бу жинояти учун жазоланишни хаёлларига ҳам келтирмайдиган ўқитувчилар гуруҳи пайдо бўлган. Баъзи фаъкултетларда имтиҳондан пул бермасдан ўтиш – мислсиз ҳодиса ўлароқ қабул қилинади.
Фақат имтиёзлилар ва уддабуронлар қийналмаслиги мумкин. Отаси ёки бирон қариндош-таниши институтда ишлайдиган оғайнинг бўлса, ошиғим олчи деявер. Бир оғиз илтимос билан дарсларга қатнамасдан ҳам курсдан курсга ўтавериш мумкин. Албатта, бир оқибатли шахс сифатида миннатдорчилик билдиришни ҳам унутмаслик керак. Хоразмдан бўлсанг, яхши гуручдан олиб келишингни сўрашади, қашқадарёликлар “тандир” билан иш битиришади, водийликлар мавсумга қараб мева-сабзавотлар жамланмасини тортиқ этишлари мумкин, мен эса яхши конъяк совға қилишни ёки битта ош қилиб беришни маъқул кўраман. Бу пора эмас, яхшиликкка яхшилик қайтаришдир.
Лекин шундай эски авлод вакиллари ҳам борки, улар эски ямоқ шимда юрса юрадики, асло гапингга юришмайди. Бундай “бетаъсир” домлага ректорнинг ҳам илтимоси сариқ чақа, у кимнинг ўғли бўлишингдан қатъи назар, сендан сариқ чақа ҳам олмайди, неча баҳога муносиб бўлсанг, шу баҳойингни қўйиб беради. Бу вазиятда тутиладиган ягона чора, у бечоранинг кўзини шамғалат қилиб, янги ведомост тузиш ва пул деса кўнгли ийиб кетадиган, шу кафедрадаги бошқа ўқитувчини ишга солиш орқали муаммодан қутилиш бўлади.

Бизда ҳисоб-китобни бадани орқали қилмоқ деган ғаройиб шакл ҳам бор. Табиийки, бу асосан толиба қизларга тааллуқли бўлиб, бу жараён одатда тайёрлов бўлимидан бошланади. Тайёрлов бўлимига шундай қизлар ҳам келиб қоладики, бошларида ҳеч вақо йўқ бўлса ҳам ўқишга киришни исташади. Ўқитувчи уларни зимдан суриштира бошлайди – бундай қиз баҳо эвазига кўнишга иштиёқи борми, йўқми? Аксар ҳолларда қизалоқ ўқишга киришни танлайди. Лекин у билмайдики, ҳаммаси энди бошланади – кўнган қизлар ҳақидаги ахборот биринчи курсда дарс берадиган ўқитувчиларга етказилади. Агар қиз ўжарлик қиладиган бўлса, уни имтиҳонлардан ўтказмай қийнашади – нечук тайёрловда кўнган-у, энди тихирлик қилади. Шу тариқа бу тоифа қизлар ўқишни битириб кетгунларича керак одамнинг кўнглини олиб юришга мажбур ва маҳкумдирлар.
Мен бир воқеани эшитгандим – бир қизни ўқиш давомида кўзини очиришмайди, ҳар сафар имтиҳонлардан йиқитаверишади. Уни бир профессор ёқтириб қолган, қари туллак маъсумани йўлдан уришга уринган. Қиз унга айтадиганини айтиб, қувиб солади ҳар сафар. Сессиялардан “хвост” бўлиб, қайта топшириш билан ўтиб юради. Битирув асносида уни яна йиқитишади. Охир пировард қиз кўниб қутилипти…
Лекин кўпинча бунақа ишлар тинч-тотувлик билан ҳал бўлиб кетади – хоҳласанг – кўн, кўнмасанг, ана катта кўча, билганингни қилавер, эл қатори топшириб кўр.


Ҳозирча бизнинг ҳаётимизда шу ишлар содир бўлиб турипти. Аҳвол қачон ўзгаради билмайман. Тизимларни бу тариқа ифлосликлар зангдек чиритаётир. Мен бу гапни айтишга қўрқаман – бу иллатлар йўқотилмаса, бутун мамлакатнинг ўзи йўқ бўлиб кетиши мумкин. Ислоҳотларнинг самараларини кўришдан умидворман. Ҳеч бўлмаганда тангрининг марҳаматига умид қиламан.

четверг, 13 марта 2014 г.

Талабанинг талабномаси


Ўзбек талабалари жуда кўп ўқишади. Битта фандан ўқиш учун бериладиган адабиёт ва дарсликлар шу қадар кўп бўладики, (масалан, жаҳон-адабиёти курсини олайлик, бу фандан баҳо олиш учун бир семестр давомида антик даврдан бошлаб замонавий давр адабиётигача бўлган даврни ўрганиш, ҳар бир талаба алоҳида ҳолатда ўнлаб китобларни мутолаа қилиб чиқиши зарур бўлади. Аввалку яхши эди, бу дарс 4 семестрга тақсимланиши орқали анчайин енгиллик қилинарди),  бу нарса оддий мактаб ўқувчиларини жисмоний тарбия дарсида ўнлаб километр масофани чопишга мажбур қилишдай гап. Университетдаги,  хусусан, журналистика факулътетидаги 4 йиллик ўқиш мобайнида талабалар 60 дан ошиқ курс тинглашади (бир неча йил олдин бундан ҳам кўп эди), булардан 20 таси танланган асосий касбга бевосита алоқадор, қолган фанларни эса бошқа кафедра ўқитувчилари ҳам рўзғор тебратиши учун ўқишади ва зачўт ёпишади.

Талабалар, шунингдек, жуда кўп ёзишади. Катта-катта дафтарларни тўлдириб, ўқиб берилган маърузани кўчиришади. (Дафтар ва ручка ишлаб чиқарувчи ва устига қўйиб, факулътет биноси ҳудудида сотувчилик қилувчилар ҳам рўзғор тебратиши керак). Деярли барча назорат ишлари ёзма шаклда бўлади. Саволларга уйда жавоб топиб, ёзиб келиш ҳам мумкин. Навбатдаги мантиқсизлик шундаки, ҳамманинг ёзгани бир хил бўлсаям, баҳолар ҳар хил қўйилади негадур. Ва бу баҳолар ҳамманинг олдида эълон қилинади. Бу билан бировларнинг нафсониятига тегилаверади, тегилаверади, ҳеч қайсимиз бундай қилмасликни бир сўраб қўймаймиз. Ҳамманинг олдида мақташ ҳам, танбеҳ бериш ҳам зарар келтиришини барчамиз билсак ҳам. Қолаверса ўқиш ҳар кимнинг хусусий иши бўлса. Ҳамма нарса ўқитувчи хонасида яккама-якка муҳокама қилинишини жорий этиш ҳақида ўйлаб кўрсак бўларди. Сирасини айтганда профессор талабанинг ёлланган ишчиси ҳисобланиши, маъмурият эса улар ўртасидаги воситачи ўлароқ кўрилиши керак!
Бизнинг анчагина обрўли университетимизда ўқиш учун талаба йилига анча-мунча пул тўлайди. Ётоқхона учун ҳам алоҳида. Бундай маблағ сарфлаб қўйган талаба эса ўзига алоҳида эътибор кўрсатишларини талаб этишга ҳақли.

Факулътетимизда бир ўқитувчига ўртача 12-15 талаба тўғри келади. Дарслар 35-40 талаба жамланган хонада ўтиладики, ўқитувчига яқинлашиш мутлақо иложсиз ишга айланади. Ўқитувчининг бу пайтдаги ҳолатини концерт залидаги якка хонанда ҳолатига ўхшатаман.

Бугун ҳам дарсга бориб келдим. Орқадаги бир бурчакда мудраб ўтириб келдим. Умуман, олдиндагилар ҳам, ўртадагилар ҳам мудраб ўтирадиган дарслар эди ўзиям. Формам жойида бўлса бўлди уларга, контракт пулини тўлаб қўйсам бўлди уларга, синдириб қўйган партамни жойига қўйиб қўйсам бўлди уларга, нималар ўйлаётганим, нималар хоҳлаётганим, нималар қилаётганимни билишмайдиям, кутишмайдиям…

воскресенье, 9 марта 2014 г.

Хиёнат ва Жазо



Жан-Поль Сартрдан нега Нобел мукофотини рад этгани сабабини сўрашганида, “Нега энди менинг номимдан олдин бошқа одам номи туриши керак?” деган экан. Бир қарашда мақтанчоқликдек кўринадими? Агар мен ҳам кўпчилик каби ўйлаганимда, хатбошини “Буюк француз ёзувчиси Жан-Поль Сартр” ёки “Экзистенциализм отаси Жан-Поль Сартр” деб бошлар эдим…
Агар у мукофотни қабул қилганида бу ҳодиса фақат ва фақат Шведция Академияси фойдасига хизмат қилган бўлурди. Лекин Сартр шу туришича буюк. Унинг номи буюк сўзи билан маънодош деса ҳам бўлар. Чунки, унда шамоллар ҳавас қиладиган ЭРКИНЛИК бор эди. У бутун умри бўйи ҳеч қандай мажбуриятга бўйин эгмаган, буйруқларга лаббай демаган, тайзиқлардан қалтирамаган, ҳалоллиги ва бошқа шахсий принципларига ўла-ўлгунича содиқ қолган. Вақтнинг хира дарёсини соҳилдан туриб кузатган. Ўзлигига хиёнат қилмаган.
Бизникилар ҳеч қачон Нобел мукофотига яқинлаша олмаслигининг сабабларидан бири шу жойда ҳам бор. Гапни айлантириб обкеламан, майлими. Охирги пайтларда метрода кўп юрадиган бўлдим. Ҳар сафар “Пахтакор” ва “Алишер Навоий” метро станциялари оралиғида дилимни хуфтон қиладиган кўргуликни кўраман. (Ҳоз, битта тутатиб келай) …


Хуллас, ўша жойда одамлар югуради. Ўзига ташқаридан боқа олмайдиган одамларнинг турли жинс ва ёшдаги тоифалари бир-бирини босгудек бўлиб югуради. Ҳа, уларнинг тезлигига, вақтни қадрлашларига гаап йўқ. Уларда айб ҳам йўқ.

Ҳар сафар метродаги шу ҳолат вақтида, чемпионатимиз эсимга тушиб, қулоғимгача қизараман. ( Бакировнинг огоҳлантиришларига нега қулоқ тутмадим-а?). Дедлайн кунлари қандай шошиб-пишиб, овқатланишларни ҳам унутиб, елиб-югуриб, чалакам-чатти гапларни териб, “бир амаллаганларим” эсимга тушади. Ишни тугатиб, твиттерга кирганда, Хушнуднинг масъулиятсизликда, “звИздалик”да айблаганларидан ранжиб, ўзимни турнирдан ташқарида деб эълон қилишим-у, кейин бу сўзимда тура олмаганларимни эслаб музтар бўламан. Каин “ижтимоийлашинглар”и билан ижтимоий ҳаётдан бездиради, Асланов “Князь жинни бўлиб қолибди” деб кулади, Тўлқин ака эса “Азизбой, ҳурлиқога гап отма!” дея огоҳлантиради. Шокиржоновга ўхшаган ҳомийлар эса, “Мукофот керакми, ёзасанн!!!” деб миннатона ва таҳдидона боқаётгандек туюлаверади. Бир ёқда биттаси, Жалоловмидией, “Мелисадан қўрқар экансанда” дея миййангни пармалайди, бир ёқда янги авлод вакиллари (каллалари ҳам янги, ишлатилмаган, “свеежииий”) ўз мухлислик дидлари билан босим юклайди. Уёқда эса, Гугусига финалга чиқаман деб ваъда бериб қўйгансан…

Ахир қандай қилиб “звИздалик” қилайинки, аслида ўзимни бир график тартиб бўйича меҳнат қилаётган қул-блогердек ҳис қилсам?
Ахир қандай ижтимоийлашайки, ижтимоий ҳаётдан улоқиб, узилиб яшаётган бўлсам?
Агар ўзимни жиннидек тутмасам, бошимга қонун-қоидалар бостириб келмайди-ми?
Агар мулоқот эҳтиёжимни қондирмасам, қонундаги жинни бўлиб қолмайман-ми?

Аввал ўзимга етгулик ўз услубим бор эди.  Босқичдан-босқичга ўтар эканман, ҳакамларга ёқиш ҳақида ўйлайдиган, улар истаган услубда ёзадиган, яъниким, уларнинг айтганини бажарадиган бўлиб қолдим. Босқичдан-босқичга ўтар эканман, бу пойгамизда ортда қолганлар олдида юзим қорая борди. Виждонимдаги тугунлар кўпая борди. Босқичдан-босқичга ўтар эканман, вижир-вижир фисқу-фасод гаплардан кўнглим озурда бўлиб, уларга жавоб қайтаришга ожиз ҳолда борардим. Тишимни-тишимга босиб борардиму қулоқларим оғрирди.
Энди мен, бу чемпионатда қатнашишга рози бўлганимни умримдаги хатолар қаторига қўшиб қўйдим. Энди, Гугусига ҳазиллашиб айтибқўйган сўзимнинг устидан чиқиш учунгина, (финалга етиб борсам, шундай шарт бор эди) “Князь” ни ўлдириб, “Граф” ни яратдим. Ўзлигимга хиёнат қилдим. Ҳаёт издан чиқди. Ундан ҳам оғир жазо шу бўлса керакки, У энди ёзганларимни ўқимай қўйган…
бу гапларни чиқарвормасам бўлмасди. энди эркиинман

КИБР КЎРГАЗМАСИ



Бу ҳаётда яшашнинг шарти муттасил рўй берадиган йўқотишлар азобига бардош бериш экан...


Ҳафсалани пир қилишга шошилманг, сизга йиғлоқи новелла ўқиб беришга ҳавасманд бўлганим йўқ. Унақасини ёзолмасман ҳам. Ахир, ёш ва соғлом одам нега тушкун бўлиши мумкин.
Негадир кўпчилик каминани фақат ғамгин ва тушкун нарсалар ёзиб юради деб ўйлайди. Ҳатто, мени қандайдур ғаламис деб шубҳаланадиганлар ҳам бор..
Ахир тақдир мени яхшигина сийлади, яшаш учун оғир курашлар нима эканини билмадим, жудаям ночор аҳволларда қолганим йўқ, кўплаб яхши одамларни учратдим. Аммо вақти-вақти билан шаънимга ҳарсангтошлар улоқтиришганиям бор гап. Агар ўша одамлар қилган ишлари учун яхшигина жавоб қайтмаслигидан умидвор бўлган эрсалар, бу росалигам соддалик бўлур эди, камина ҳам қўлимга илинган тошчаларни отиб қолганман.

Шунчаки, ўтмишни хотирлашим билан умум томонидан қабул қилинишича инсон юраги жойлашган мана шу кўксим қайноқ қийноқларқа тушади. Ва шундай ғамгин гаплар ёза бошлайман.

Мен бу дунёда яшаб муттасил йўқотишларга мустаҳиқ этилдим. Бунинг афсусини тўла ифодалай олган ҳолатни учратган эмасман. Менинг афсусим бу ер юзида қолувчи сўнгги одамнинг ҳечким тингламайдиган пушаймонига тенгроқ янгроқ бўлар балки. Шунда мен Ахилл каби ғазабланаман, лекин эски дунёга ўт қўймайман, чунки шундоғам кўп кўприкларни ёқиб юборганман…

Лекин ўзимни афсусланмасликка, ачинмасликка ўргатишим керак.
Кириш қисми учун шунча кўп вақт сарфлаб юборганимга сабаб, бу киришнинг ўзича муҳимлиги эмас, муҳими бу сафсаталарнинг аслида рўй-ростлигига ишонишга тайёрлаш эди.
Агар биров сўраб қолса, абадий шундай яшашга тайёрлигимни айтардим:

1989 йил бошланганди. Тянъанъминъ майдонидаги талабалар қирғинига оз қолган, Абдулла Орипов мадҳия учун шеър ёзаётган, одамлар туман марказига транспортда боришни орзу қилишаётганди. Форс қўлтиғида Катта Буш уруш олиб бораётганди.
Ўша қор кўп ёққан қиш кечасида мен келганман. (Ўша тунда отам 40 км масофани яёв юриб ўтган экан)

Мен дунёни ўзгартириш учун келганим йўқ, бу иш учун битта одам қанчалар ожиз…
1998 йил ҳали тугамаганди. Бу пайтда Францияда ўтган ЖЧни томоша қилгандик. Абдулла Орипов кичик тўртликлар ёзишга ўтганди. Одамлар энди туман маркази билан уяли телефон воситасида боғланишни орзу қила бошлашувди. Океанортида эса Кичик Буш ҳокимият тепасига яқинлашиб келаётганди.
Мен мактабга қатнашни хоҳламай қўйгандим. Ўзимни ўзгартириш ташвишига тушиб, нима учун келганим ҳақидаги саволга “Одамларни хафа қилиш учун” деб жавоб топгандим.

Кейинроқ йилларни ҳисобламай қўйдим. Чунки вақтни сезмасдим. Воқеликдан ташқарида яшаётган каби йиллар бўйлаб сайр қилардим, гоҳ тепага, гоҳ пастга. Параллел-перпендикуляр…

Ҳаёт кўз-онгимдан худди ёмғир каби енгил ва силлиқ оқиб ўтарди. Мен бошимни эгиб, фақат оёқларимнинг учига қараб яшардим, зеро бу менинг ўйланмаслигимга ёрдам берарди. Бу худди бошқаларга ботир кўриниш учун қўпол бўлишга мажбурлик ёки нафосатли кўриниш учун қўрқоқ аталишдан бирини танлаш мажбуриятига ўхшарди. Ортиқча одамнинг қисмати ғойиб бўлишдир. Ҳозир иложи борича самимий ёзишга ҳаракат қиляпману, лекин ундан олдин самимий яшаб қўйганман.

Агар биров сўраб қолса абадий шундай яшашга тайёрлигимни айтаман.
Яна неча йил яшашимни билмайман. Муҳими сиҳат-саломатли ва руҳий хотиржамликда ўтказсам бас бу узайтирилмайдиган муҳлатни. Шу шаҳардан ташқарига чиқмасам ҳам майли. Боғчамда тер тўкишдан бошқа ерда ишлаш заруратидан халос бўлсам. Жума кулари масжидга бораман. Йилда бир неча марта бозорга ва стадионга тушаман. Ҳар ойда журналимни, ҳар ҳафта газеталаримни олиб турсам кифоя.

Ёлғизлик дарди юрагимни сиқувга олганида, у билан гаплашиш учун қабристонга бораман. Қолган вақтни мени умидсизликдан ҳимоя қилувчи урф-одатлар маросимида ўтказаман. Баъзан бетайин кунларда анҳор бўйига тушаману сувга тикилганча соатлаб ўтираман…
.

четверг, 6 марта 2014 г.

Учинчи йўл



Талабалигимнинг илк чоғларида, 2005 чи йил кузида, талабалар шаҳарчасида шаҳарчани янгидан қуриш учун умумталабалар сафарбарлиги эълон қилинган даврда ҳали одамлар билан бирга, кўча-кўйда овқатланишдан тортинмайдиган пайтларим эди. Ҳар куни тушгача талабалар армияси қатъий тартибда меҳнат қилар ва кейин овқатланиб келиш учун қўйиб юборилар эди. Гуруҳ-гуруҳ бўлиб шу атрофдаги арзон ошхоналарга жўнар эдик. Тежамкорлар “ўзбекча”, чўнтаги бақувватроқлар “америкача” тушлик қилишарди. Гамбургерни ҳам, гуммани ҳам ўша пайтда еб кўрганман.
Котлет грилда қовурилса бургер бўлади. Булка ичига котлет тиқилса, гамбургер дейишади буни. Миллий маҳсулотимиз гумма 50 сўм бўлгани ҳолида, ўшандай гамбургерларни 10 баробар нархида сотиб олардик. Кейинчалик, “Fast Food” нинг турли-туманлари чиқиб кетди. Гамбургер ичига яна маза-матрасиз пишлоқ қўйилса, чизбургер бўлади. Унинг ўрнига тўқсариқ пишлоқ қўшилганда эса, “Чеддер мелт” тайёр деяверинг. Энг оддийси сендвичдан тортиб, “Субмарина” га ўхшайдиган узунчоқ “Суб”, ҳар куни Бунёднинг жонига оро кирадиган лаваш-у Америка тимсолларидан бирига айланган қўшгамбургергача.
Қўшгамбургерда ҳамма нарса қалаштириб ташланган, очиқ-ошкоралик (ичида нимаики бўлса ўзига жалб этиб, кўриниб туради), америкача иштиёқ ва америкача омилкорлик (бир йўла бир порцияда икки гамбургер егандек бўласан), америкача исрофгарчилик ва америкача бефаросатсизлик ҳам, ва буларнинг баридан келиб чиқадиган америкача аҳмоқоналик ўз ифодасини топган.
Қўшгамбургер еяётганингизда, уни оғизга сиғдираман деб хунук бир очкўзликни кўз-кўз этишингизга тўғри келади. Котлетлар ва кесилган пиёз доирачалари чиқиб кетади агар лабларингиз ҳали бу таомга мослашмаган даражада бўлса, қайла бармоқларингизга томади, юзингиз булғанади.
Ўзбекистон эса гумма ва пирожкалар мамлакати. Гуммаларда ҳам кўп маънолар бор, ўзбекларнинг борига қаноат қилиш хусусияти айниқса ҳаммага қўл келади. Уни иситиш, ҳатто чўнтакда олиб юриш мумкин. Алдашга асосланган миллий иштиёқ ундадир мужассам. Мен ичидаги масаллиғи хамиридан кўп бўладиган гуммани учратишни орзу қилардим ҳамиша. Гуммада халқимизнинг ишонувчанлиги ҳам акс этади. Уни сотиб олаверасан, ичида нима борлигини эса билмайсан, яхши бўлишига ишонасан.
Мен ҳозир бу икки таомдан нарироқ юраман.