четверг, 26 июня 2014 г.

Зомин. Эски хотиралардан бириси.



Лицейнинг математика гуруҳида тригонометрия ва логарифмларни ўрганиб юрган вақтимда, қуйи синфлардан биридаги бир оҳукўз билан кўзларимиз тўқнашиб қолади. Шу ондан эътиборан, тенгламаларнинг тўрт томони, дафтарларнинг бошию охири, дуч келган жойи шеърий сатрлар билан қоплана бошлайди.

Ўртоғим бир дафтаримни бекитиқча олиб, туман газетаси муҳаррири бўлган амакисига кўрсатганидан кейин, таҳририятга қатнаб қоламан. У ерда каминага ажратилган ғарибгина хонадаги столимнинг устида жудаям-жудаям эскирибкетган ёзув машинкаси ва сарғайиб кетган қоғозлар туради. Қанчалик тиришмайин, у дамларни бошқалар каби ажиб дамлар сифатида хотирамда гавдалантира олмаяпман. Дераза синиғидан шамол ғувиллаб кирар, шифтдан томчи тушиб, полни чиритар эди. Очиқ-ойдин шундай эди. (Эҳтимолки, ҳозир саломатлигим дуруст эмаслигида ўша узоқ қиш кунларида ўша хонада ўтказган иш кунларимнинг ҳам асорати бордир?)

Мени ўша даргоҳга бир нарса боғлаб олганди. Устига онасининг ёки синглисининг кийимларини ҳам илиб келаверадиган ёшгина мухбир-шоир Хайрулла ва унинг китоблари. У сархуш эмаслигида ҳам тузук суҳбатдош бўлгандир эҳтимол (уни бу мақомда кўриш каминага насиб этмаган-да), лекин ман кўрган кунларда ундан эшитганим ҳикоялар, сирлар ва турфа орзулар таъсирига берилиб, ҳаёт тарзим ўзгарган, бошқа поездга ўтиб олганман. Сўзга меҳрим тушган, унинг қудратига ишончим юксалган.

Кейин, шаҳарга келиб, тўғри журналистика факултетига бош суқдим.
Илк кунларданоқ умидларим синиқлари йўлимни тўсган бўлса-да, то “халқ душмани”га чиқарилиб, ўқишдан кетишимни хоҳлаб қолишмагунича дарсларга бориб юрдим.

Кейин, бошқа поездда давом этдим.
У поезд ҳам изидан чиқиб кетганида эса, яна журналистикага қайта қолдим. Ҳозир шу ерда осуда ва тинч ҳаёт кечираяпмиз.

Хайрулла 27-июнни интизорлик билан кутарди. Бу унинг ҳар йилида энг унутилмас кун бўлиб ўтарди. Ҳозир ҳам шундай бўлсин ишқилиб. Унинг битта китоби манда қопкетган. Ўзимдамасу, лекин ундан олгандим. Кеча “Алпомиш”ни ёнидаги камбағалгина китоб дўконидан ўша китоб нусхасини топдим. Лекин бир томони янгиланган Зоминни кўргим келмаяпти, иккинчидан уёққа борсам, уйдагилар оёқ-қўлимни боғлаб, уйлантириб юборишларидан хавфсирайман )

Товуқлар қайғуси



Шаҳноза жуда яхши қиз. Жуда яхшилиги учун ҳам эшигидан совчилар аримайди. Ҳам чиройли, ҳам одобли. Айниқса, миллий атлас ва дўппиларда турса, севги изҳор қилворай дейсан. ЙЎқ, йўқ, дарҳол хаёлингизга “зулфиячи” қизлар келмасин, у шеър ҳам ёзмайди, оддий матнни шеърдек шариллатиб ўқиб бериш ҳам унга хос эмас. Жимгина юради, бирнима десаям пастгина овозда дейди. Ҳақиқий ўзбек оиласида тарбия топгани кўриниб туради. Шу қиз яқинда диплом ишини ҳимоя қилиб, олий маълумотли бўлди.
Мавзуси телевиденияда ахборотларни тарқатиш хусусинда эди. Уни диққат билан тинглаб бораётган эдим-у, ишхонасидаги раҳбарининг ўгитларидан иқтибос келтириб, шу гапни миямга қоқиб, михлаб қўйди: “Уйингдаги мушук ўлса, буни бутун маҳалла билиши шарт эмас”. Бу шуни кўрсатадики, ўша раҳбар бошчилигидаги барча ходимлар, демакки, бутун телеканал шу тамойилга биноан иш юритади.
Биз ҳар куни Башар Асад нечта одамни ўлдиргани, Хитой шахталари остида қанча кончи қолиб кетиб, энди бу ёруғ дунёга қисиқкўзлари билан боқа олмаслигдан ҳам, қайсидир Жанубий Америка давлатида қанча гектар ўрмонга ўт қўйиб юборилганию Шимолий Америкада ким кимга уйланиб, ким кимга турмушга  чиқаётганидан бохабар бўлиб турамиз. Биз эса ноҳалоллик кўрсатиб, ахборотларни, салбий ахборотларни яширамиз. Ёки, жаннатмакон диёримиз мустақил Ўзбекистонда, ҳатто қаттиқроқ жала ҳам қуймаслиги керакми?
Шу жойда бир ярми ҳазил, ярми чин воқеа эсга келади. Океанорти мамлакатидан бир меҳмон ташриф буюради юртимизга. Уни туристларга кўрсатиш учун қурилган барча томошабоп жойларимиз бўйлаб айлантирадилар, миллий таомлару миллий кийимларимиз билан сийлайдилар. Ва охирида унга нимамиз энг кўп даражада манзур бўлганлигини сўрашганида, у ёш боладек орзуланиб, сўлаги оққудек бўлиб, “Телевизорларингиз ёқди, унинг ичига кириб яшашни истадим” деган экан…
Худо кўрсатмасин-у, биздаям “қуш гриппи” тарқалса. Ўлат бўлса. Ўлган паррандаларни шартта-шартта, ими-жимида кўмиб ташлайверсак. Халқаро ҳамжамиятларни доғда қолдириб?
Лекин, Мустақил Ўзбекистоннинг мустақил товуқларида нима айб??
Ўша куни Шаҳнозанинг диплом ҳимоясида ўтириб, шуларни хаёлдан кечирдим. Лекин нафақат мен, бошқа кузатувчи талабаю ўқитувчилар ҳам бу қизгинага эътироз билдириб, уни савол билан ноқулай аҳволда қолдиришни эп кўрмадилар чоғи. Энди у қанақа журналист бўлади? Унда нима айб?..