среда, 24 декабря 2014 г.

“Ахир мени онам бемеҳр туққан..”



Агар, эрталаб йўлда ўйчан келаётганимда, эски, синфдош дўстим йўлимни тўсмаганида ва хаёлларимни тарқатибюбормаганида, онам ҳақида бошқа нарса ёзган бўлар эдим. Ёки, ҳеч нарса ёзмасмидим, билмадим.

Мана энди, ташқарида ёмғир, бўм-бўш хонада ёлғиз қолганда, қалтираб туриб шуни ёзишни бошладим.

Кейинги ярим соат ичида нима ёза оламан, буни билмайман...

Бугун 24 декабрми ёки 23 декабрмилигини, аниқ билмайман.

Онамнинг туғилган куни 24 декабрда эдими ёки, 23дами, буни билмаяпман. Очиғи, туққан онамнинг исми Ўралойми ёки Ўғилой, буни ҳам анча вақтгача билмай яшаган эдим.

Онам. Мен бу аёлни мактабдаги мажлисларга, ундан ор қилганим учун чақирмасдим, ўқитувчига эса, касал ётибди деб ёлғон айтардим. (Чунки, опам, Жиззахда онани шундай айтади кўпчилик, доим шолрўмол ўраб, рўдапо кийимларда юрар, жуда кекса кўринар эди). Кейин у ростдан ҳам касал бўлди. Кейинги 10 йиллар ичида уни фақат тўшакда бемор ҳолида кўрдим.

У қандай дардлар билан оғриди, буни ҳам билмайман.

(Гимназиядан қайтар эканман, (у замонларда телефонлар йўқди) ҳар доим “онам ўлибқолмадимикин?” деган ҳадикда бўлар эдим).

Онамнинг сочлари ҳозир оқми, қорами, буни билмайман.

Онам, мани туққанидан афсусланганми ёки йўқ, буни албатта била олмайман.

Онам, қизлик даврида нималарни орзу қилган, буни ҳеч қачон била олмасман.

Онам, мени гўдаклигимда эркалаганмиди, буни билмашим аниқ.

Отам уни қаттиқ чўчитган, қўрқитгандир балки, болаларига ҳам ҳадди сиғиб бир нима демас эди.

Бир сафар унинг русчани ва адабиётни билишини кўрганимда ҳайрон қолганман.

Хоҳласанглар ҳайрон қолинглар, хоҳласанглар лол бўлинглар, юрагимни шунча қурум босган.

Балки, манда, танамда қандайдир суюқлик етишмасдир?

Яна шуни билмайманки, бу постни ёзиб бўлиб, онамга телефон қиламанми, ёки жиллақурса, смс ёзаманми?

Ва шунингдек, унга қандай қиз муносиб келин бўла олишини ҳам билмайман...