суббота, 16 августа 2014 г.

Эрматов в студию..



Ҳали етти ёшда эдик. Мактаб синфхоналарида пайдо бўлдик. Директор янги ўқув йили бошлангани муносабати билан нутқ сўзлади. Биз илк марта қарсак чалиш ҳадисини олдик…

Тез-тез йиғилишлар бўлар, ойлар мобайнида биз кафтни кафтга уриш машқи билан маҳоратимизни ошира борардик. Қаерда бўлмайлик, кимни кўрмайлик, таърифларга тиллар ожизлик қилиб, жон-жаҳдларимиз билан қўллар орқали ўз эътиборларимизни эътироф этаверардик.



Бир қиз танишим ўша кунги, “Бунёдкор” стадионида Равшан Эрматов билан учрашувга таклиф этганида дарҳол одатдаги баҳоналардан бири, масалан шу куни умуман Тошкентда бўлмаслигим ҳақидагиси билан рад жавоби бера қолгандим. Ва мана ҳозир шу қилганим нақадар тўғри бўлганига қаноат ҳосил қилиб юрибман.

“Давр”да кўрсатишди: Эрматов атрофида ярим доира ясаб камолотчилар ўтириб олишган экан. Доирадан ташқарида қолганлар уларнинг ортидаги трибуналарга сочилиб жойлашишган эди. Бу мезбонлар меҳмонларни пойгак тарафга таклиф этишганига ҳам ўхшаб кўринаркан…

Атрофда эса “Тез ёрдам” дамаси ҳам, милиция фургони ҳам йўқ эди. Камолотчилар сафида эса каминага дуч келиши ҳаёти учун хавфли бўлган нусхалар бор эди.

Ва савол-жавоблар бўлибди. Яхшиям бормаганим. Йўқса, реферига, Украинадаги жараёнлар бўйича позициясини аниқлаш учун савол бериб ёки унинг келгусида, қачондир, Ўзбекистон президентлиги сайловларида қатнашиши мумкинмилигини сўраб, ҳаммани ҳаяжон ичра қолдиришни хоҳлаб қолармидим?..
Ёки, “Бошқа юртлик ҳамкасбларингизга ҳавас қиласизми – ўз юртларида ўз ҳолига ташлаб қўйилган ҳолатда, тинчгина ишлаб, яшаб юришганига?” дермидим балки…

Унда, зулфиячисифат камолотчи қизлардан бири каби, “Жаҳон футболида одил ва объектив ҳакамлик қиласиз…” деб бошласаму, у “Авваламбор, адолат ота-боболаримиздан биз ўзбек фарзандларининг қонига сингиб кетган …” деб давом эттириб, ўзиниям, бошқаларниям алдаб кетса?

Эрматов нима каромат кўрсатдики, уни қаҳрамонга чиқардинглар?
Ҳатто, финални бошқаришга лойиқ топилмасдан, ишончимизни қора қилдику?
Ҳолбуки, жаҳон чемпионатининг ҳамма ўйинини бир ўзи бошқарган тақдирда ҳам, мен уни миллат қаҳрамони деб атамасдим. У нари борса, ўз касбининг устаси холос мен учун.

У умумхалқ миқёсидаги нима иш кўрсатдики, масалан, мамлакатдаги ишсизлик муаммосини ҳал қилиб қўйгани йўқки, уни қаҳрамон атасак.

Тарих бари бир беаёвлик қилади. Эрматовдан кейин кимга қарсак чаласизлар?