пятница, 24 апреля 2015 г.

Антиутопия. Турғунликдан чиқиш


Ҳамма ўз ўрнидами?
Ҳали бахтсизликни тилга олиш номуносиб иш сифатида баҳоланмаётган бўлса, шу ҳақда гапиришни бошлайман.

Чунки, “бахтсизлик” сўзининг мен учун аҳамияти беқиёс, унинг қаршисида бош эгаман, унга юрагимни очаман, у барча кўргуликларимни оқлайди.

Ўзим фақат кун ўтса бўлди зайлида яшаяпман. Пушкин ва Лермонтовнинг князларидек эмас, Гогол ва Чеховнинг чиновникларидан нари-берида.

Бахтга қандай эришиш зарурлиги ҳақида зарур режаларим йўқ.

Ишлайман, ўйлайман, анча-мунча нарсага етгувчи ақл-идроким бор, аммо яшашдан асосий мақсад – бахтли бўлишни таъминловчи аниқ режа тузиш хаёлимнинг бир четига ҳам келмайди.

Ҳаёт-мамот масаласида ўз нуқтаи назарларини ойдинлаштириб олмаган кимсалардан ҳам бахтсизроқ кимсалар бормикин?! Бундай бандаи ожизларнинг тирик мурдалардан фарқи бормикан?! Бундайлар учун ҳаёт ортиқча юк, бемаъниликдан бошқа нарса бўлмас, амалий фаоллик эса соялар салтанатидаги азоб-уқубатли ҳаёт тарзидан ҳимояланиш воситасига айланар...

Болалигимиздан “Бахтли бўлинглар!” деган сўзларни эшитиб катта бўлдик.
Зеро, бу замонда болаларни уларга маърифий ёки маънавий бойликни мерос қолдириш учун эмас, балки, дунёда яна битта ўзига тўқ, гуллаб-яшнайдиган инсонни қолдириш мақсадида катта қиладилар.

“Бахтли бўлинг!”
Ўта хайрихоҳлик билан айтилаётгандек туюлувчи бу сўзларда, бундан ортиқ, бундан даҳшатли, бунданда мантиққа зид кўрсатма бўлиши мумкинми? Бундай ноаниқ кўрсатмани бажариш мушкулмасми? Бахтлимисан, бахтсизмисан, буни билиш осонми? Бунинг мезони, чегарасини ким белгилаб беради? Нега, айнан, албатта бахтли бўлиш керак? “Ишларим юришмаяпти” дея дийдиё қилиб, оҳ-воҳ чекадиганларга қандай муносабатда бўлмоқ керак?

Омадим чопган ва чопмаган кунларнинг ҳисобини нечоғлиқ иштиёқ билан олиб бормайин, бу ишдан наф йўқдек. Бахт ортидан қувган сари унинг бармоқларим орасидан сирғала-сирғала чиқиб кетаётганига ишонч ҳосил қилиб бораман.

Табиийки, мен ишда, оилавий ҳаётда, севгида, жамиятда омадим чопишини, тўла-тўкис бахтга эришишни орзу қилганман, доим маънавий мамнунлик ҳиссини туйиб яшашни истаганман.

Лекин буларнинг барчасига ёппасига эришишнинг иложи йўқку?


Бу каби хаёллар ҳар кимнинг бошидан ўтганига ва бошига келишига ишонч билдираман.

Биз, Олвин Тоффлер таъбири билан ҳисоблаганда 801 ёки 802-авлод вакиллари орасида (аниқроғи у биздан олдинги авлодни 800-авлод деб таснифлаганди), телевидение ва интернет қаршисида тарбия топган ва топаётганар орасида болалигида “Катта бўлсам, президент бўламан” деб орзу қилганлар бор (экан), болалигида барча жойга қўли етадиган одамга айланишни ният қилганлар бор (аниқ), дадасига самолёт олиб бериш (эта я) ҳамда бундан бошқа сон-саноқсиз фантастик режалар тузганлар ва шу ниятларга етишни бахтга эришиш деб билганлар бор.


Ваъда қилинган мўжизалар онда-сонда ва жуда оз, томчилаб бўй кўрсатиб, кутиш азобга айланганида, ҳафсала пир бўлганида, синган умидларнинг синиқлари йўлларни тўсганида, катта ҳаёт қаршисида ожиз бадбахтга айланганларида ёшлар ўзларини койий бошлашади, ўзларини ҳеч нарсага ярамаган мавжудотдек ҳис қила бошлашади.

Шундайларга таскин бор:
Бахтли ҳаёт кечириш борасидаги режалар камида иккидан ортиқ парадоксга дуч келади. Бахт ўта мавҳум тушунча, мавҳумлик хавотир туйғуси билан ҳамиша ёнма-ён. Биз бахтли эканимизга ҳеч қачон тўлиқ ишонч ҳосил қила олмаймиз. Шундай экан кимга керак бундай бахт? Шунингдек, бахт жуда кенг тушунча, бахтга етишдим, деб ишонч ҳосил қила олдик дейлик, кейин нима бўлади, унинг ўрнини тезда диққинафаслик ва лоқайдлик эгаллаб, умидсизликкача айланмайдими? Керакми бахтнинг шундай чексизликка чўзилган йўлларидан ўтиш?

Осонгина бахтга эришиш мумкинлиги ҳақидаги таълимотлар туфайли ўзингиз нега осонгина бахтга эришмаётганингиз ҳақида ўйлаб, ўкинманг.
Амалга ошган, рўёбга чиқарилган ғоягина инсонга таъсир кўрсатади, қуруқ ваъда, сўзлар йиғиндиси бўлиб қолаётган ғоявий мақсадлар ҳеч қандай таъсир кучига эга бўла олмайди. Фаол турмуш тарзини токи ҳар бир инсон онгли тарзда мустақил танлаб олмас экан, уни ҳеч ким бунга ундай олмайди.

Ҳеч қачон мутлақ бахтга етиб бўлмайди. Биз бахт йўлидаги тўсиқларни олиб ташлашга чоғланиб, азоб-уқубатларнинг бошини янчишимизга қарамасдан, афсоналардаги махлуқлар билан бўлгани сингари, кесилган бош ўрнида янгилари ўсиб чиқаверади..


Қадимда эркинлик, адолат, муҳаббат ва дўстлик каби қимматли нарсалар ҳам бахтнинг муҳим белгилари сифатида қаралган бўлса бордир.
Ҳозирда эса жамоа онги бахтни соғлик билан, бойлик билан, ҳусн ва омад билан боғлайди.


Соғлиқ. Доим соғлиққа эътиборли бўлиш ҳам ҳаётни енгиллаштириш ўрнига тиббиёт риёзиёти оёғимизга солган кишанга айланиб, қадам босишимизни қийинлаштиради.
Фақат касал одамгина соғлиқ – бу бахт деб ўйлаши мумкин. Соғлом одам учун эса соғ бўлиш бу шунчаки соғ бўлишдир, ундан ортиқ эмас.


Бойлик. Бой бўлиш истаги икки сўз билан айтганда, демократик жамиятнинг икки камчилиги бўлмиш, қарама-қаршилик ва ҳасадни пайдо қилади, бошқача қилиб айтганда эса, кишиларни замонабоп нарсаларга ўч қилиб қўяди, тўқликка шўхлик, талтайиш и так далее.

Ҳусн. Қоматни сақлаш, одобни сақлаш, ҳуснни сақлаш, обрўни сақлаш мақсадида қорнини ичига тортиб юрадиганлар, кулгиси келганда тишининг оқини кўрсатиб, ним табассум қиладиганлар, ҳуснини сақлаш учун нонемаслар, таомларни яхши ёки ёмонга қараб эмас, фойдали ёки фойдасизга ажратадиганлар, овқат танлашда мазасига эмас, қанчалик осон хазм бўлишига эътибор қаратадиганлар, шароб симираётганида лаззат ҳақида эмас, томирларнинг кенгайиши ҳақида ўйлаб турадиганлар, белгиланган умрни яхши яшашни эмас, уни имкон қадар бир неча сонияга узайтиришни ният қилганлар.. Қанчалар бахтли улар?..

Омад. Ўзи йўқ омад қушини кутиб бир умрни исроф қилиш керакми?


Албатта мен Фрейднинг “бахтли бўлиш мумкин эмас” деган фикри илгари сурилган “Талабга жавоб бермайдиган маданият” (Недовольство культурой) номли асарини тарғиб қилмоқчи эмасман. “Инсоннинг бахтли бўлиши “Яратувчи”нинг режасига кирмаган”, дея фикрларини хулосалаган Фрейдга эргашмаганман.


Зиддият. Инсон ҳаётининг моҳиятини зиддият ташкил этади. Мана шу зиддият одамзотни муқобил йўл танлашга асрлар мобайнида ундаб келади.

Мен, албатта учинчи йўлларни қидираман. Мен ҳаётга шунчалар юқори баҳо бераманки, бу ҳаётда фақат бахтли бўлишни орзу қилиб яшаш ярамайди, бу орзу бир ҳаёт учун камлик қилади.

Сўровномалар. Ижтимоий сўровномаларда мана бундай ғалати статистика кўп учрайди: одамларнинг камида 90 фоизи бахтли яшаётганини маълум қилган бўлади. Одамлар бундай вазиятда нега ёлғон жавоб қилишади? Уялишадими қийналаётганини айтишдан, шу билан жамиятдаги нуфузини йўқотиб қўйишдан қўрқишадими? Ёки, рост гапиришу лаззатланиш турларига, қисқача айтганда бахтли бўлишга урф-одатлар орқали зимдан тақиқ қўйилган шу жамиятларда улар ўзларини сувдаги балиқдек ҳис қиладиларми? Унда бахт дегани – хира сувми?


Сизлар шундайин сўровномада нима жавоб бергансиз/берасиз?

Ижтимоийлаша бошлаган кунларимдан бери кўриб келаётибманки..

Бутун олам бахтсизлари, мен сизларни ҳар куни кўраман.
Сизлар тонгдан тунгача тирикчилик зиммангизга тушган шу пастликларда тимирскиланиб юрасиз.
Сизларни ер остида ҳам кўп кўраман, метрода ҳар куни турфаларингизнинг ғамли чеҳраларингизни томоша қиламан.
Сиз ишингиздан чарчаб, судралиб қайтаркансиз ҳар куни, ҳаётдан, ҳаёт сизни мажбур қилган ишлардан норозилигингизни юзингиздан кўриб тураман.
Сиз ҳар иш кунингизда бир ҳадик билан, ишингизни йўқотиш хавфи билан ишлайсиз.
Сиз ҳар куни қилаётган амалларингизни 10 марта, юз марта, 1979 марта қилиб ҳам чин дилдан қила олмасдан ғариб сезасиз ўзингизни.
Сизнинг иш - ўзингиз учун севимли эмас!

Сиз ўнлаб йиллар ўтгач, қариган чоғингизда "Мендан зўр актёр чиқиши мумкин эди", ёки "Мендаги рассомлик истеъдоди йиллар силсиласида кўмилиб кетди" ва яна ёки "Мен ўзимнинг боғбонлик қобилиятимни барча чиқинди идишларига битталаб бўлиб солиб чиқдим", дегингиз, чексиз андуҳга ботгингиз келадими?

Йўқса..

Тасаввур қилингки, истасангиз, кўзингизни юмиб олган ҳолда тасаввур қилинг, сизда фақат танлов мажбурияти бор (Бошқа ҳеееч қанақа мажбурият йўқ). "Барча нарсам бор, пулим умримнинг охиригача етади, ўзимни кўрсатишим, жамиятдаги зиналар бўйлаб тиришиб-туртишиб йўрғалашим шарт эмас, вақтим "VIP", ёнимда йўлдошим, атрофимда бола-бақра", деб ширин хаёл қилинг. Шунда зерикиб ўлмаслик учун ҳам, нима биландир машғул бўлиш керакку?

Илкис хаёлингизда чақнагани нима иш бўлади? Дарҳол шу ишни қилинг, темирни қизиғида босинг марҳамат.

Илкис нима иш қилишни ўйладингиз? "Олмос тоғ"даги детектив Карр каби чиройли боғда ишлашни истарсиз, балки хаёлларингизда Форрест Гампники каби креветка овловчи кемангиз бўлар, қолгани тасаввурларнинг ихтиёрига ҳавола, (лекин зинҳор уч метр арқон, битта хат ва битта стулча ҳақида ўйламанг).



Аллақайлардан запись бўлган гаплар:
"..Ҳеч қачон кеч эмас, ҳеч бир лаҳзада
Бошланг, қайта бошдан.."

"Ҳар бир одам ўз ҳаётида инқилоб қилсин.
Ҳар бир кимса ўз ичида инқилоб ясасин.
Турғунлик деви енгилармикан.."

Ёки, ҳамма ўз ўрнидами?..

Комментариев нет:

Отправить комментарий