вторник, 12 мая 2015 г.

Тухум пўстлоғи ичида


Менинг фалсафа сўқишимга одатланиб қолган ўқувчи ушбу ёзмаларда кўтарилажак мавзудан бироз таажжуб туйиши эҳтимолдан узоқ тахмин эмас. Зеро, замона зайли инсонларни ихтисослашишга, танланган йўналишнинг тор деворлари исканжасида биқиниб умргузаронлик қилишга мажбур этмоқда. Бироқ мана шу замонанинг ўзи турмуш-маишатни мураккаб воқеликлар, сабаблар ва натижалар тўрига буркаганки, нотаниш ва сертаҳлика ҳаёт кенгликларидан ўзинг мослашган, тор ва қадрдон борлиққа беркинишнинг уддасидан ҳар доим ҳар чиқавермас экансан. Менинг мисолимда ҳам бугун “ижтимоиёт” отлиғ ҳилкатнинг панжаларидан юлқиниб чиқиб кета олмаган ожиз банданинг кўзи кўриб, қулоғи эшитган ҳақиқатлардан қалби жунбушга келган бандани кашф этажаксиз.

Мулоҳазаларимни узоқдан бошлайман.

“Ижтимоий” калимаси бугун расмий ҳужжатлар, илмий адабиётлар ва публицистик асарларнинг этига-бетига ёпишган хира пашшадай ҳар қадамимиз остидан чиқади. Айрим ҳолларда тилга олинган битиклар муаллифлари ушбу сўзни муайян маъновий юксиз, гўзаллик учунгина ишлатадигандай таассурот уйғонади. Микрофон қаршисида керилиб, “ижтимоий-сиёсий”дан сўз юритадиган сиёсатдонлар-у, “ёш умидли” жинқарчалар аксар ҳолда нутқларининг нечоғли қарама-қаршиликларга бой эканликларини ўзлари англамайдигандай гўё. Унинг келиб чиқишига ва маъносига эътибор берадиган бўлса, сўз муайян қўлланиш доирасига эга эканлиги ва ундан фойдаланиш маълум масъулият талаб қилиши англашилади.

Арабча “ижтимоъ” каломи “жамоа”, “жамият” сингари барчамизга яхши таниш тушунчалар билан ўзакдошдир: уларнинг бари ягона асосга – “жам” – тўп, тўпланмоқ ўзагига бориб тақалидики, бу жиҳатдан у лотинча socium атамасининг муқобилидир.

Бинобарин, жамият ҳаётига алоқадор қирралар жамланмаси “ижтимоий” белгилар фокусига бирлашади. Инсон жамиятсиз яшай олмаслиги бот-бот такрорланган таъкиддир. Уни абсолют деб қабул қилиш унчалик тўғри бўлмайди – сиз кимсасиз оролда умргузашта бўлишингиз ва ўзингизни бахтиёр билишингиз назарий томондан амалга оширса бўладиган тажрибадир. Аммо бу ҳолда инсоният бугунги тараққиёт чўққисини ҳам забт эта олмаган бўлур эди.

Шундай экан, инсонларнинг жамиятга бирлашуви маълум даражада табиий жараёндир. Мана шу бирлашув натижаси ўлароқ ягона тил, антропологик ва маданий қиёфа, кийим-кечак ва урф-одат шаклланади.

Танганинг тескари тарафи шундан иборат-ки, сиз жамиятнинг асирига айланасиз. Сизнинг бахтингиз ва келажагингиз жамиятнинг бахтига ва келажагига боғлиқ бўлади. Ўзингиз каби суяк, эт ва қондан иборат, лекин бошқа жамиятда туғилиб ўсган одам билан тил топишишда маълум қийинчиликларга учрайсиз. Жамият билан биргаликда қувонасиз ва қайғуга чўмасиз.

Модомики шундай экан, нега фақат инсоннинг жамият олдидаги масъулияти ҳақида гапирилади? Жамиятнинг инсон олдидаги масъулияти қаёққа кетди? Мен жамиятнинг бир бўлаги сифатида ундан имкониятлар рўёбини талаб қилсам бўладими?

Масаланинг моҳиятига келсак. Жамият аъзоси эканмиз, унинг ўй-хаёли билан, тартиб-қоидасига биноан яшашга мажбурмиз. Жамиятимиз қандай йўлдан бормоқда? Ўзи жамият бўлиб шакллана олдикми?

Шу ўринда яна бир атамани ёдга олишга тўғри келади. Жамият бўлиб шакллана олмаган одамлар тўдаси муқаррар биомассага айланади. Биомассага айланган гала эса ўзини ёлғонлар пардасига чулғаб, “биз жамиятмиз!” ҳайқириғи билан оламга ғавғо қилади. Пировардида ўзи ботаётган ботқоққа онг ва салоҳиятни қўшқўллаб тортиб кетаётганини пайқамайди ҳам.

Назаримда, биомассага айланиш истиқболидан сақланиш учун танқид тиғини ўзимизга қаратадиган пайт келди. Онгимизни стереотиплардан озод қилиб, кўзимизни алдов ғуборидан тозалайдиган пайт келди!

Кўзгуга қарасанг, асл қиёфангни кўрасан, деган сафсатага ишонманг. Зеро кўзгудан-да алдоқчироқ алдоқчи йўқ бу дунёда. У сизга хушбичим, хушчақчақ, навқирон гўзалликни кўрсатиб беради. Ақлингизда ғужғон ўйнаётган, сизнинг кимлигингизни белгилайдиган мафкура, дунёқарашни барча ойналарнинг ойнаси ҳам кўрсатиб бера олмайди.

“Биз буюк халқмиз!”, “Бизнинг урф-одатларимиз ва қадриятларимиз бор!”, “Биз ўзига хос менталитет ташувчиларимиз!”. Бу хитобларни танидингизми? Буюклигимиз билан керилиш, ўзига хос урф-одатларимиз ва менталитетни ҳар кўчада пеш қилиш, албаттаки, барчамизга таниш ҳолат. 40-50 йил бурун Европа жамиятшунослигига киритилган, ҳанузгача мутахассислар орасида тўғри-нотўғрилиги баҳс-мунозарага сабаб бўлаётган “менталитет” тушунчасига ёпишиб олиб, ўзгача фикрни бўғмоқдамиз. Жамиятнинг асосий бойлиги пул эмас, фикрлар ва қарашлар хилма-хиллигидир. Турфа қарашлар йиғиндиси бир орада тўпланган тақдирдагина улардан энг яхшиси танлаб олинади ва тараққиёт гаровига айланади. Хилма-хилликни йўқотсак, янги ғоялар гадосига айланишимиз турган гап. Хилма-хилликни йўқотсак, бошқа жамиятлар билан тил топиша олмаслигимиз, уларни тушуна олмаслигимиз ва ўзимизни энг буюк, энг тўғри йўл соҳиблари ўлароқ билиб, кулгу бўлишимиз турган гап. 

Менталитет нима? Бизнинг менталитетимиз қанақа? Ақлга келадиган биринчи таърифлар – меҳмондўстлик, бағрикенглик, болажонлик, оилага муҳаббат. Мантиқан олиб қараганда, бу хислатларга эга бўлмаган жамиятлар борми ўзи? Ким оиласини ёмон кўради? Ким меҳмон кутишни ёмон кўради? Ўйлайманки, бундай абстракт қадриятларни олий даражага кўтаришимиз ўз уникаллигимизга мозор қазиш билан баробардир.

Қадриятларимиз қанақа? Буюклигимиз нимада? Бу саволларга ҳар бир ёш авлод вакили бир-биридан нусха кўчиргандай айнан жавоблар қайтаради. Буни ҳар куни телевизорда кўрамиз, газетада ўқиймиз, кўчада эшитамиз. Мияси стандарт шаклларга лиммо-лим, ўзи моҳиятини англамаган таърифларни ёддан ўқиб беришга ўрганган бу ёшлар жамиятимиз келажагини қандай ботқоққа ботиради? Улар ўзига ўхшамайдиган, ҳаётга бошқача қарайдиган гуруҳларга ёқинқирамай қарашга одатланган экан, бу жамиятимизнинг яккаланиб қолишига сабаб бўлмайдими?

Сизларга бир сирни очаман. Биз буюк эмасмиз. Бизнинг боболаримиз буюк эди. Сезиларли ютуқларга эриша олмай, ўтмишдан овунчоқ қидирган нотавонларга ўхшаймиз. Россиянинг шубҳали сифатга эга мусиқий шоуларида ғолиб бўлган болакайлардан “миллий ғурур” тимсолини ясаймиз. Санъаткорлар, спортчилардан кўкрак кериб фахрланамиз.




Xалойиқ, тараққиётни, савияни мусиқа эмас, илм-фан, техника белгилаб беради! Фахрга арзийдиган олимлари, ёзувчилари, кашфиётчилари қолмаган одамлар тўдаси яна овунчоқ қидириб савияси ўзидан қолишмайдиган, фақатгина ширали овозга эга қўшиқчилардан нажот қидиради.

Қўшиқчилар ва курашчилар жамияти! Қўшиқчилар фақат куйласа майли. Улар телевизордан чиқиб, бизга овқат қилишни, харид қилишни ўргатади. Концерт залларининг тўрини тўлдириб ўтирган “миллатимиз фахрлари” ўз кўнглида  "халқ қаҳрамонлари" Озодбек, Ҳосила-ю яна бир қанча исмлар, ҚВЗнинг бемаъни, савиясиз ҳазилларидан қаҳ-қаҳ отиб кулади.

ЎЗ ТАҚДИРИНИ, ЁШЛАР ОНГИНИ ҚЎШИҚЧИЛАР ҚЎЛИГА ТОПШИРИБ ҚЎЙГАН СЎҚИР ЖАМИЯТ!

Шу ўринда “ёт” одатлардан нақадар қўрқишимиз, тамомила мавҳум бўлган “қадриятлар”имизни асрашда ўзимиз билмаган ҳолда абсурд кўчасига одим ташлашимизни эсласак. Кўпдан буён номи номаълум, қилиғи маълум иштоншунос мутахассисларимиз аёлларнинг иштонига осилишни одат қилишган. “Қадриятларимизга мос келмайдиган либос”, “аҳлоқсиз қиёфа” ва ҳоказо. Ҳар қандай мафкуранинг қудрати унинг бошқа мафкуралар билан тўқнашувида билинади аслида. Юзма-юз тўқнашувдан қўрқиб, ҳамма нарсани ман қилиш ва қарғишга кўмиб ташлаш орқали ўз ўрнини сақлаб қолишга интилган дунёқараш пуч дунёқарашдир. Биз аллақаёқлардан қидираётган маънавият иштонларда эмас, юракларда бўлади зеро.

Непалдаги зилзилада минглаб одамларнинг қурбон бўлди. Уларнинг ҳаққига дуо қилиш ўрнига, зилзила туфайли боши синган бутнинг аҳволидан хурсанд бўлиб, табиий офатни Аллоҳнинг карамига йўйганларни кўрдим.

Санъаткорнинг санъатига эмас, кийимига ва соч турмагига баҳо бериб, унинг санъатини инкор қилганларни кўрдим.

Бировнинг камчилигини кўриб, ўзининг иллатини кўрмаганларни кўрдим. 

Аёлларнинг ахлоқини қадрият билан ўлчаб, ўз ахлоқини бўш қўйган эркакларни кўрдим.

Порахўрликни касб қилганлар маънавиятдан ва миллийликдан куйинганини кўрдим.

Биомассадан жамиятга эврилиш учун иштонлар мавзусидан устун туришимиз керак, чамамда. Чиройли сўзларнинг туб маъносига хиёнат қилиб, жимжимадор жумлалар сўқишни оддий қилиб “аравани қуруқ олиб қочиш” дейишади. Миллий қадриятлар ва анъаналар тозалиги учун курашувчилар ғазабкор нигоҳларини порахўрлик, таниш-билишчилик сингари ҳақиқатан долзарб иллатларга йўналтирса, арзимас масалаларни оламшумул даражага кўтариб, ўзини ҳам, халқни ҳам алдашни бас қилса, ана шундагина кўзларимиз саробдан узилади.

Ҳозир-чи? Темир деворни йиқитиб, кенг жаҳонга йўл оча олган, аммо тухум пўстлоғини синдириб, ёриб, том маънода эркинликка ва қайта туғилишга интилмаётган жўжалар тўпимиз.





Мавҳумотлар, шаблонлар, хурофотлар пўстлоғи. Уни синдириш учун қаддимизни тиклашимиз кифоя, лекин...

Аввало ўзгача фикрни қабул қила олишни ўрганишимиз керак.

XXI аср муроса асридир. Ўзимизга ўхшамаганларни инкор қилиш эмас, тушунишга, улар билан аҳил-иноқ яшашга ўрганишимиз керак. Яшириш ва инкор қилиш кутилган натижани бермайди. Ҳамма нарсани ўз кўзи билан кўриб, тўғри баҳо бера оладиган, шаблонларга кўра фикрламасдан, ўз муносабатига эга инсонларгина жамиятга бирлаша олади.

Қуйилиб келди, виртуал қоғозга тўкилди. Бошқа ёзмайман.

Яна расм. Маъноси аҳамиятсизу, томоша қилса бўлади.

Яна битта чиройли-маъноли расм


Жўжалар кўп, жўжалар..

11 комментариев:

  1. Shu postni hamma o'qishini va uqishini juda juda istardim

    ОтветитьУдалить
  2. Boshqacha, o'ziga xos fikrlash sohibi! Omad!

    ОтветитьУдалить
  3. Жуда ажойиб! Манимча сиз голибсиз.

    ОтветитьУдалить
  4. Mavzuga qoyil. Atiga bittagina imloviy xatoga yo`l qo`yilibdi.

    ОтветитьУдалить
  5. Князни сўз ишлатиш услубига тан бермай илож йўқ.

    ОтветитьУдалить
  6. Fikrlar yaxshi, ammo bir tizimga solinmagan. Baribir eng yaxshilardan biri...

    ОтветитьУдалить
  7. Bu maqolani biroz kechikib öqidim, ammo tan bermay iloji yöq, eng og´riqli tomonlarimizdan birini körsatibsiz. Xatolarimizni özimiz anglab, öz ustimizda ishlasak, birovlar ustimizdan kulmaydi, shundagini bizni tan olishadi va rostdan buyuk bölamiz. Özimizni aldagandan ne naf.

    ОтветитьУдалить