среда, 25 марта 2015 г.

Мен қариш ва ўлиш учун дунёга келмаганман



Сизларга бир сирни очаман: одам қўрқувдан ўлади. Қарияларнинг йўриғи бошқа, улар албатта, таналари емирилишидан вафот этишади. Лекин, ёш ва соғлом одамлар асосан қўрқувдан ўладилар. Юраклари ёрилиб, ўларлар.

Менда бу қўрқув доимий.

Мен ҳам бир кун ўлсам. Бирдан ўлсам.

Балки, навбатдаги сайрга чиққанда ғилдирак остида қоларман.

Балки, бир гўзал ҳуснига дош бера олмасдан, юрагим ёрилар.

Балки зўриқишдан тамом бўларман, балки силга чалинарман.

Бир кун ўлсам. Баҳоримда хазон ҳидини уфурсам.

Ортиқ тиш оғриғини сезмасам. Ёмғир ёки чанг, ёки қуриган ҳамёним ортиқ эзмаса.

Бу қандай бўлса бўлар, аммо ундан кейин не кечар?

Худди телевизор куйган каби абадул-абад ўчарманми?

Қаро ерга кириб кетсаму, тин олсам. Тепамда бир қиз қора кийиб турарми?


Одамларни уч тоифага ажратаман. Оқ, сариқ ва қорага эмас, қуйидаги уч тоифага.

Одамлар борки, моддий маблағга муккасидан кетган. Пул деса кўзи кўр, қулоғи кар, оғзи гунг бўладиган. Балки, аввал ҳам жуда кўп бўлгандир бунақа  одамлар? Буни ким билар? Мен қаёқдан биларман? Улар аллақачон, ўзлари истамаса ҳам, яна яшашни истасалар ҳам, тупроққа қоришиб, ном-нишонсиз кетишган бўлса? (Ғариблик ҳақидаги барча ҳикояларни эслаб ўтаман уларнинг хотираси учун).

Билишимча, ҳозир ўзбек жамиятида энг "ёғли соҳа" ҳарбий ва ички ишлар хизматида эмиш. Айтишларича, улар 12 ойдан ташқари қўшимча ойликлардан ҳам баҳраманд бўлишар эмишу, ҳафтанинг барча кунида ишга чиқишлари шарт эмас эмиш. Тағин, маошлар миқдоридаги 6 та нол ҳам 1 дан кейин эмас, 2 дан кейин бошланар эмиш. Майли, бу тасдиқланмаган маълумотлар билан бошингизни айлантирмайин, ўзим тасдиқлайдиган бир гапни айтайин: шахсан ўзимга шу соҳадан таклиф бўлса, бўлиши мумкину, масалан улар ҳам кўпдан-кўп газеталар чиқаришади, шу ишларида хизматим керак бўлса-ю, бундоқ таклифни уларнинг иш формаларини кийишдан ор қилишим сабаби биланоқ камоли эҳтиром билан рад этгум. Қолаверса, пенсияга чиққунча, (гарчи бу муддат бир қадар тез келса ҳам), диққинафасликда яшай оламанми? Бош кўтариб, бу гўзал дунё безакларини томоша қилишдан маҳрум бўлиб? Ар-зи-май-ди.

Яна лавозимларга ўч тоифа мавжуд. Уларнинг топадиган шуҳратларини маънавий маблағ сифатида белгилаб олиш мумкин. Улар идораларда, столларнинг ортида бир занглаган қоя каби ўтирарлар. Ҳиссиз ва нурсиз. (Қулоғим остида Стива Облонскийнинг "Қоғозбозлик мамлакатнинг юраги!" деган хитоби янграяпти).

Лекин уларнинг аксари тизимларнинг қайсидир поғоналарида, бурчакларида бир умр қотиб қолиб кетар. Тепага чиққандаки, нима бор у ерда? (Бу ўринда эса "Галстук" номли қисқа метражли фильмни кўриб қўйишни тавсия этиб ўтгим келди).
Хуллас, бўл-май-ди!

Учинчи йўл эса ҳамиша мавжуд. Бу йўлда ҳам маблағ мавжуд. Рамзий маблағ деса бўлади буни.

Бир қаҳрамон бўлар, бутун умрини бир эътиқодга бахш этар. Йиллар бўйи изланар, тўхтовсиз равишда ҳар хил омадсизликларга рўбару келар, оч қолар, уйсиз яшар, ҳамма уни бирин-кетин ташлаб кетар, лекин у курашдан тўхтамар. Ва ғалаба қозонар ҳам. Ва бу ғалаба онида шундай қониқишни туярки, бундай туйғу осмондан садолар ҳамроҳлигида тангрининг марҳамати каби ёмғир бўлиб ёғилар.

Шу қониқиш туйғуси учун яшасанг бўларда.
Шу қониқиш туйғуси учун қанча вақт сарфласанг арзир, бошқасига арзимар.
Шу қониқиш лаҳзаларида ирғишласанг арзир, бошқаларида ҳеч.
Шу қониқишни олий мақсад қилса бўлар, қолганларини - йўқ.


Мен эса ҳаётга қонмасдан ўлсам. Ёмғир тинмай ёққан кунда ёки бирон қуёшли якшанбада енгилсам. Ленский каби ёш ўлсаму, бирон шоир у "қариш ва ўлиш учун бу дунёга келмаганди" деб ашъор битмаса.

Одамлар хотирасидан ўчиб-ўчиб, йўқоламанми? Кимдир, кун.уз ва хабардор.уз сайтларига хабар ёзиб ўтирарди шу бола деб эслаб юрадими?

Шолу ногирон, бор йўғи юзидаги битта мушаги ишлайдиган, гапиролмайдиган, юролмайдиган Стивен Ҳокинг шу аҳволида асримизнинг энг буюк олими бўлиб турибди. Мен эса соппа-соғ ҳолимга қилиб ўтирган ишимдан кулгим келиб турибман.

Шунинг учун бир иш қилиш керак!

Ўлимим тайин экан, ўзимдан бир иш қолдириб кетишим керак.


Курашни бошлашим керак. Ичимдаги итоаткорлик руҳига қарши ҳам, ташимдаги ҳукмронлар армиясига қарши ҳам аёвсиз жанг олиб боришим керак. Мақсадга эришиш йўлида кескин шартлар ва жўшқин ҳаракатлардан бош тортганнинг ҳолига вой бўлсин. Ғалабага эришсам, нафақат ўзим бахтли бўламан, атрофимга ҳам бахт таратиб юраман.

Узоқ яшанглар.

1 комментарий: