воскресенье, 2 февраля 2014 г.

Ҳаяллаётган келажак



Агар шунақа исмлар қўйилганида, мени Ўйчан деб атардинглар. Сайёралар нима учун айланса, камина ўшанинг учун ўйланаман – бинобарин, сайёралар айланмай, мен эса ўйланмай тура олмайман.


Кеча ҳам, Қибрай томондаги бўм-бўшлаштирилган, тротуарларидаги йўловчилар кетаётган жойида тақа-тақ тўхтатилиб, терс ўгириб қўйилган проспект ёқасидаги бекатда, қора машиналар гуруҳи ўтиб кетгунига қадар ўйланиб ўтирдим.. Ўша томонлардан шомқоронғуси тушмасидан, хаёлларим каби тарқоқ оёқларим устида (бир қўлимдаги яримлаган Қора Марвариддан ҳарзамон ютуниб) чайқала-чайқала уйга қайтаётганимда ҳам ўйлаш билан банд эдим. Йўлбўйи аввал Пушкин (у каби ўққа учишни орзу қилдим), сўнгра Навоий (унингдек камтар бўлишга ҳавасландим) ҳайкали атрофида айланиб рақс тушганимда ҳам ўйлашдан тўхтаганим йўқ. Мен албатта фақат сайёраларнинг нега яратилгани тўғрисида, камситилган кишилар қисмати ёки винофурушлар ва винохўр шоирлар ҳақидагина эмас, масалан, қадамларим ҳақида ҳам ўйлайберар эдим. Масалан, бир тепаликка кўтарилаётганимда, яна бир нарса устида бош қотираётгандим, кўнглимда ўйлаб қўйган нарсам тўғри чиқадими, йўқми, шуни билиш учун ромашканинг баргини юлгандагидек, ўйин ўйнаб чиқдим. Ўзимча, агар пастдан юқоригача босган қадамларим сони учга (бу рақамни ўлардай севаман) қолдиқсиз тақсимланса, блогерлар чемпионатида ютиб чиқаман, агар тақсимланмаса, ортиқ давом этишдан наф йўқ, дея кўнглимдан ўтказган эдим. Ҳисоб йигирма олтита бўлаётганди, лекин яна бир кичикроқ одим ташладим-у, йигирма еттинчисида тепага чиқиб бордим :P

Пиёдалар йўлагида одимлар эканман, мумкин бўлмаган жойга машинасини нотўғри қантариб йўлимни тўсиб қўйган одам ҳақида ўйлашга киришдим. Агар бурч ҳисси ҳакалак отиб кетган фуқаролардан бўлганимда, албатта, полицияга қўнғироқ қилиб, айбдорни жазолатардим. Аммо унга ўз билганимча жазо тайинлагим келиб қолди: “Горите в аду!” :)
Бу узоққина масофани босиб ўтишим давомида масжидлар-у фоҳишахоналар, университетлар-у бозорлар, театрлар-у тўйхоналар, хиёбонлар-у ахлатхоналардаги одамларни томошо қилдим.  

Йўлим ҳақида сўзлаётган эканман, яна бир воқеани тушириб қолдирмаслик, бетаккаллуфлик бўлмас дейман. Кампиркўприк яқинида уч нафар ўсмирнинг кўзига ўлжа бўлиб кўринибман. Агар, уларнинг қизиган миясини совутиб қўйишга қодир ошпичоғимни (улар эса ғилоф ичида ханжар бор деб ўйлашгани янада яхши бўлди) кўрсатмаганимда, ким билади бу блогпостни ёзишга улгурармидим, йўқми..
Бу таассуротлардан кейин маънавият ҳақидаги ўйлар бостириб келади-да бошимга. Айниқса, бундай ҳодисанинг ўзим билангина содир бўлиши биринчиси ҳам, охиринчиси ҳам эмаслигини ҳисобга олсак.

Ахир, мана бир ярим асрдирки, бизда темир ва ҳаво йўллари мавжуд, аммо биз ҳалигача билмаймиз: ташқи шаклларнинг ривожи инсон маънавиятига тузукроқ таъсир кўрсатадими ёхуд маънавият ўзи мустақил ривожланадими, агар мустақил ривожланса, қайси йўналишларда ривожланади ва умуман ривожланадими-йўқми?
Эҳтимолки, инсондаги инсонийлик ўзгармас нарсадир?..

Негаки, Паскаль кибернетикага асос солгандан бери ўтган бир ярим аср нари-берисида готик шаҳарларда жодугарларни гулханда ёқишда давом этилган.
Негаки, бугунги кунда одамзод саноқли дақиқаларда ер юзининг у бетидан бу бетига учиб ўта олади-ю, лекин унданда камроқ лаҳзалар ичида, аввалги замонлардагидек костюмингиз чўнтакларини қоқлаб, шип-шийдам қилиб кетиш қобилиятини ҳам сақлаб қолган.
Негаки, келажакни кўрадиган тасаввурларимда ҳам ёруғлик йўқ.

Тан олиш керак, кўчманчи аждодларимиз гуноҳкорларни от думида судратганидан буён ҳозирги адолатли Суд тизимимиз вақтигача, инсоният ҳарҳолда муайян йўлни босиб ўтди. Тан олиш керак, эндиликда муллаваччалар дарвешларни тошбўрон қилмай қўйишган, бир замонлар ёғочлардан қурилиб қолган жазохоналарда ҳам куфрона гаплар учун тилларни кесишни бас қилишган…

Бошқа гапки, бу ютуқлар илмий-техник тараққиёт ютуқлари билан таққослаб бўлмас даражада кичикдир.

Бошқа гапки, инсоният сопол чироқлардан қора мойда ишлайдиган электростансияларгача жуда катта масофани босиб ўтди-ю, лекин Навоийдан Навоий театригача юрилган масофа унчалик катта эмас. Яъни, инсоният вақт ўтиши билан ёмонроқ бўлиб қолмагандай кўринади, лекин у яхшироқ ҳам бўлиб қолгани йўқ-да! Масаланинг энг таажжублантирадиган қоронғи жойи ҳам шунда!

Аммо бу масала унчалик ажабланарли ва қоронғу кўринмаслиги ҳам мумкин – бунинг учун бир идеалистик тахминга кўниш керак бўлади. Бу тахминга кўнилса, жон бор деб тан олиш керак бўлади. Ҳа, бош мия бор, у ўз-ўзича яшайди, руҳ ҳам бор, у ҳам ўз-ўзича яшайди, агар маънавият бир нарса бўлса, фикрий нарса бошқа нарсадир, агар ҳаётнинг ташқи шакллари камолот йўлидаги ҳаракатнинг айнан ўзи бўлса, инсоний нарса сокинликнинг айнан ўзидир.

Йўл-йўлакай айтиб ўтсак, бу кузатишдан битта хулоса келиб чиқади: ижтимоий-иқтисодий идеалга яқинлашган сари инсон деганлари соддароқ, жўнроқ, бачканароқ бўла боради. Гап фақат менинг бировга жаҳаннамга кўндаланг кетишини тилашимда эмас, гап шундаки, кўчалари совунлаб ювиладиган фаровон шаҳарларда ҳам университет таҳсилини олган кимса арзимаган пулни деб кимнидир бўғиб ўлдириши, керак бўлса, ўзи ҳам жонини бериши мумкин. Жуда ғаройиб бошқотирма эмасми бу? Қутбнинг бир томонида мустаҳкам фуқаролик ҳуқуқлари барқарор бўлса-ю, иккинчи томондан инсон маънавий махлуқ сифатида чириб битаётганини намойиш этса! Ёки аксинча: агар бир томон қутбида ваҳшиёна цензура ҳукм юритса, иккинчи томондаги қутбда эса нозик ҳаётий манфаатлар ҳукмрон бўлса?

Энг муҳими шундаки, бир нарсани билиб бўлмайди: нима учун бизнинг инсон сифатидаги таъриф-тавсифимиз шунақаки, пешонамизга сих ҳам, кабоб ҳам куймайдиган тарзда яшаш ёзилмаган – албатта биринчи қутбда кишининг ҳавасини келтирадиган фаровонлиг-у, бошқасида нозик ҳаётий манфаатлар?

Самонинг олдида бизнинг не гуноҳимиз борки, инсон зоти қандай дарди-бедавога чалинганки, нима учун бизнинг орамизда яхшиликка яхшилик бўлмайди, ёмонликка ёмонлик эса доимий?
Нима учун ҳамма нарсани ҳал қилиб берувчи ҳақиқат муқаррар тарзда ириб-чириб, бирор муассасага айланиб кетади, бировларнинг ҳирсий майллари бошқаларнинг ризқини таъминлайди?
Тарихий йўлнинг мақсади нечоғлик тушунарсиз бўлса, буларни ҳам сира тушуниб бўлмайди.

Дарҳақиқат, нима учун бўлади бу йўл? Илмий-техник тараққиётни ва тараққиётнинг оқибати сифатида майдонга келадиган ҳар хил фаровонликларни бошимизга урамизмики, агар инсоннинг инсонийлиги аста-секин сўниб боришга маҳкум бўлса? Агар соғлом иқтисодиёт билан санъатнинг камситилиши бир-бирига боғлиқ бўлса?! Гап йўқ – норасида қизларни чолларга беришни бас қилишган, оломон кўз ўнгида бошига қоп кийдириб осилган жасадларни кўрган эмасмиз, лекин бунинг ўрнига эндиликда, энг кўп ўқиладиган китоб телефон китоби бўлиб қолди, энг гўзал мусиқани этакларнинг шарпаси-ю машина сигналларининг шовқинидан эшитасиз. Ва, олдинга нигоҳ ташласак, турган битгани алланечук хунук нарсалар қорайиб кўринади холос, кўчанинг бош томонидан худди қишлоқ гўристонини эслатадигандек баданни жунжуктириб, совуқ шабаданинг эпкини келадир. Гогольнинг гапи эсга тушади: “Замондошларим, ахир бу даҳшатку!” Аста айтамизми! Даҳшат бўлгандаям чакана даҳшат эмас…

Бирдан бир илинж, эҳтимол шу бўлсаки, инсоният ҳали балоғат даврига етгани йўқ ва унинг яхши кунлари олдинда. Агар инсоннинг ҳаёти билан инсоният тарихи ўртасида шундай солиштиришни амалга оширсак, агар инсониятнинг гўдаклиги ибтидоий даврга, болалиги антик даврга, ўсмирлиги ўрта асрларга ва ҳоказоларга тўғри келса, ҳали олдда ёруғ кунлар ҳам борлигидан умид қилиш ҳам мумкин..

Ўрнимдан турдим. Демак, бу блогпостниям бир амаллаб тугатволдим. Энди мени тинч қўйинг. Энди мен атрофдаги қовоқхоналарни бииир зиёрат қилиб келайин. Энди мен кетиш ҳақида ўйлайин~

1 комментарий:

  1. Фалсафона таҳлилингиздан кўп нарсаларни олдим! Меҳнатингиздан рози бўлинг!

    ОтветитьУдалить