пятница, 24 апреля 2015 г.

Антиутопия. Турғунликдан чиқиш


Ҳамма ўз ўрнидами?
Ҳали бахтсизликни тилга олиш номуносиб иш сифатида баҳоланмаётган бўлса, шу ҳақда гапиришни бошлайман.

Чунки, “бахтсизлик” сўзининг мен учун аҳамияти беқиёс, унинг қаршисида бош эгаман, унга юрагимни очаман, у барча кўргуликларимни оқлайди.

Ўзим фақат кун ўтса бўлди зайлида яшаяпман. Пушкин ва Лермонтовнинг князларидек эмас, Гогол ва Чеховнинг чиновникларидан нари-берида.

Бахтга қандай эришиш зарурлиги ҳақида зарур режаларим йўқ.

Ишлайман, ўйлайман, анча-мунча нарсага етгувчи ақл-идроким бор, аммо яшашдан асосий мақсад – бахтли бўлишни таъминловчи аниқ режа тузиш хаёлимнинг бир четига ҳам келмайди.

Ҳаёт-мамот масаласида ўз нуқтаи назарларини ойдинлаштириб олмаган кимсалардан ҳам бахтсизроқ кимсалар бормикин?! Бундай бандаи ожизларнинг тирик мурдалардан фарқи бормикан?! Бундайлар учун ҳаёт ортиқча юк, бемаъниликдан бошқа нарса бўлмас, амалий фаоллик эса соялар салтанатидаги азоб-уқубатли ҳаёт тарзидан ҳимояланиш воситасига айланар...

Болалигимиздан “Бахтли бўлинглар!” деган сўзларни эшитиб катта бўлдик.
Зеро, бу замонда болаларни уларга маърифий ёки маънавий бойликни мерос қолдириш учун эмас, балки, дунёда яна битта ўзига тўқ, гуллаб-яшнайдиган инсонни қолдириш мақсадида катта қиладилар.

“Бахтли бўлинг!”
Ўта хайрихоҳлик билан айтилаётгандек туюлувчи бу сўзларда, бундан ортиқ, бундан даҳшатли, бунданда мантиққа зид кўрсатма бўлиши мумкинми? Бундай ноаниқ кўрсатмани бажариш мушкулмасми? Бахтлимисан, бахтсизмисан, буни билиш осонми? Бунинг мезони, чегарасини ким белгилаб беради? Нега, айнан, албатта бахтли бўлиш керак? “Ишларим юришмаяпти” дея дийдиё қилиб, оҳ-воҳ чекадиганларга қандай муносабатда бўлмоқ керак?

Омадим чопган ва чопмаган кунларнинг ҳисобини нечоғлиқ иштиёқ билан олиб бормайин, бу ишдан наф йўқдек. Бахт ортидан қувган сари унинг бармоқларим орасидан сирғала-сирғала чиқиб кетаётганига ишонч ҳосил қилиб бораман.

Табиийки, мен ишда, оилавий ҳаётда, севгида, жамиятда омадим чопишини, тўла-тўкис бахтга эришишни орзу қилганман, доим маънавий мамнунлик ҳиссини туйиб яшашни истаганман.

Лекин буларнинг барчасига ёппасига эришишнинг иложи йўқку?


Бу каби хаёллар ҳар кимнинг бошидан ўтганига ва бошига келишига ишонч билдираман.

Биз, Олвин Тоффлер таъбири билан ҳисоблаганда 801 ёки 802-авлод вакиллари орасида (аниқроғи у биздан олдинги авлодни 800-авлод деб таснифлаганди), телевидение ва интернет қаршисида тарбия топган ва топаётганар орасида болалигида “Катта бўлсам, президент бўламан” деб орзу қилганлар бор (экан), болалигида барча жойга қўли етадиган одамга айланишни ният қилганлар бор (аниқ), дадасига самолёт олиб бериш (эта я) ҳамда бундан бошқа сон-саноқсиз фантастик режалар тузганлар ва шу ниятларга етишни бахтга эришиш деб билганлар бор.


Ваъда қилинган мўжизалар онда-сонда ва жуда оз, томчилаб бўй кўрсатиб, кутиш азобга айланганида, ҳафсала пир бўлганида, синган умидларнинг синиқлари йўлларни тўсганида, катта ҳаёт қаршисида ожиз бадбахтга айланганларида ёшлар ўзларини койий бошлашади, ўзларини ҳеч нарсага ярамаган мавжудотдек ҳис қила бошлашади.

Шундайларга таскин бор:
Бахтли ҳаёт кечириш борасидаги режалар камида иккидан ортиқ парадоксга дуч келади. Бахт ўта мавҳум тушунча, мавҳумлик хавотир туйғуси билан ҳамиша ёнма-ён. Биз бахтли эканимизга ҳеч қачон тўлиқ ишонч ҳосил қила олмаймиз. Шундай экан кимга керак бундай бахт? Шунингдек, бахт жуда кенг тушунча, бахтга етишдим, деб ишонч ҳосил қила олдик дейлик, кейин нима бўлади, унинг ўрнини тезда диққинафаслик ва лоқайдлик эгаллаб, умидсизликкача айланмайдими? Керакми бахтнинг шундай чексизликка чўзилган йўлларидан ўтиш?

Осонгина бахтга эришиш мумкинлиги ҳақидаги таълимотлар туфайли ўзингиз нега осонгина бахтга эришмаётганингиз ҳақида ўйлаб, ўкинманг.
Амалга ошган, рўёбга чиқарилган ғоягина инсонга таъсир кўрсатади, қуруқ ваъда, сўзлар йиғиндиси бўлиб қолаётган ғоявий мақсадлар ҳеч қандай таъсир кучига эга бўла олмайди. Фаол турмуш тарзини токи ҳар бир инсон онгли тарзда мустақил танлаб олмас экан, уни ҳеч ким бунга ундай олмайди.

Ҳеч қачон мутлақ бахтга етиб бўлмайди. Биз бахт йўлидаги тўсиқларни олиб ташлашга чоғланиб, азоб-уқубатларнинг бошини янчишимизга қарамасдан, афсоналардаги махлуқлар билан бўлгани сингари, кесилган бош ўрнида янгилари ўсиб чиқаверади..


Қадимда эркинлик, адолат, муҳаббат ва дўстлик каби қимматли нарсалар ҳам бахтнинг муҳим белгилари сифатида қаралган бўлса бордир.
Ҳозирда эса жамоа онги бахтни соғлик билан, бойлик билан, ҳусн ва омад билан боғлайди.


Соғлиқ. Доим соғлиққа эътиборли бўлиш ҳам ҳаётни енгиллаштириш ўрнига тиббиёт риёзиёти оёғимизга солган кишанга айланиб, қадам босишимизни қийинлаштиради.
Фақат касал одамгина соғлиқ – бу бахт деб ўйлаши мумкин. Соғлом одам учун эса соғ бўлиш бу шунчаки соғ бўлишдир, ундан ортиқ эмас.


Бойлик. Бой бўлиш истаги икки сўз билан айтганда, демократик жамиятнинг икки камчилиги бўлмиш, қарама-қаршилик ва ҳасадни пайдо қилади, бошқача қилиб айтганда эса, кишиларни замонабоп нарсаларга ўч қилиб қўяди, тўқликка шўхлик, талтайиш и так далее.

Ҳусн. Қоматни сақлаш, одобни сақлаш, ҳуснни сақлаш, обрўни сақлаш мақсадида қорнини ичига тортиб юрадиганлар, кулгиси келганда тишининг оқини кўрсатиб, ним табассум қиладиганлар, ҳуснини сақлаш учун нонемаслар, таомларни яхши ёки ёмонга қараб эмас, фойдали ёки фойдасизга ажратадиганлар, овқат танлашда мазасига эмас, қанчалик осон хазм бўлишига эътибор қаратадиганлар, шароб симираётганида лаззат ҳақида эмас, томирларнинг кенгайиши ҳақида ўйлаб турадиганлар, белгиланган умрни яхши яшашни эмас, уни имкон қадар бир неча сонияга узайтиришни ният қилганлар.. Қанчалар бахтли улар?..

Омад. Ўзи йўқ омад қушини кутиб бир умрни исроф қилиш керакми?


Албатта мен Фрейднинг “бахтли бўлиш мумкин эмас” деган фикри илгари сурилган “Талабга жавоб бермайдиган маданият” (Недовольство культурой) номли асарини тарғиб қилмоқчи эмасман. “Инсоннинг бахтли бўлиши “Яратувчи”нинг режасига кирмаган”, дея фикрларини хулосалаган Фрейдга эргашмаганман.


Зиддият. Инсон ҳаётининг моҳиятини зиддият ташкил этади. Мана шу зиддият одамзотни муқобил йўл танлашга асрлар мобайнида ундаб келади.

Мен, албатта учинчи йўлларни қидираман. Мен ҳаётга шунчалар юқори баҳо бераманки, бу ҳаётда фақат бахтли бўлишни орзу қилиб яшаш ярамайди, бу орзу бир ҳаёт учун камлик қилади.

Сўровномалар. Ижтимоий сўровномаларда мана бундай ғалати статистика кўп учрайди: одамларнинг камида 90 фоизи бахтли яшаётганини маълум қилган бўлади. Одамлар бундай вазиятда нега ёлғон жавоб қилишади? Уялишадими қийналаётганини айтишдан, шу билан жамиятдаги нуфузини йўқотиб қўйишдан қўрқишадими? Ёки, рост гапиришу лаззатланиш турларига, қисқача айтганда бахтли бўлишга урф-одатлар орқали зимдан тақиқ қўйилган шу жамиятларда улар ўзларини сувдаги балиқдек ҳис қиладиларми? Унда бахт дегани – хира сувми?


Сизлар шундайин сўровномада нима жавоб бергансиз/берасиз?

Ижтимоийлаша бошлаган кунларимдан бери кўриб келаётибманки..

Бутун олам бахтсизлари, мен сизларни ҳар куни кўраман.
Сизлар тонгдан тунгача тирикчилик зиммангизга тушган шу пастликларда тимирскиланиб юрасиз.
Сизларни ер остида ҳам кўп кўраман, метрода ҳар куни турфаларингизнинг ғамли чеҳраларингизни томоша қиламан.
Сиз ишингиздан чарчаб, судралиб қайтаркансиз ҳар куни, ҳаётдан, ҳаёт сизни мажбур қилган ишлардан норозилигингизни юзингиздан кўриб тураман.
Сиз ҳар иш кунингизда бир ҳадик билан, ишингизни йўқотиш хавфи билан ишлайсиз.
Сиз ҳар куни қилаётган амалларингизни 10 марта, юз марта, 1979 марта қилиб ҳам чин дилдан қила олмасдан ғариб сезасиз ўзингизни.
Сизнинг иш - ўзингиз учун севимли эмас!

Сиз ўнлаб йиллар ўтгач, қариган чоғингизда "Мендан зўр актёр чиқиши мумкин эди", ёки "Мендаги рассомлик истеъдоди йиллар силсиласида кўмилиб кетди" ва яна ёки "Мен ўзимнинг боғбонлик қобилиятимни барча чиқинди идишларига битталаб бўлиб солиб чиқдим", дегингиз, чексиз андуҳга ботгингиз келадими?

Йўқса..

Тасаввур қилингки, истасангиз, кўзингизни юмиб олган ҳолда тасаввур қилинг, сизда фақат танлов мажбурияти бор (Бошқа ҳеееч қанақа мажбурият йўқ). "Барча нарсам бор, пулим умримнинг охиригача етади, ўзимни кўрсатишим, жамиятдаги зиналар бўйлаб тиришиб-туртишиб йўрғалашим шарт эмас, вақтим "VIP", ёнимда йўлдошим, атрофимда бола-бақра", деб ширин хаёл қилинг. Шунда зерикиб ўлмаслик учун ҳам, нима биландир машғул бўлиш керакку?

Илкис хаёлингизда чақнагани нима иш бўлади? Дарҳол шу ишни қилинг, темирни қизиғида босинг марҳамат.

Илкис нима иш қилишни ўйладингиз? "Олмос тоғ"даги детектив Карр каби чиройли боғда ишлашни истарсиз, балки хаёлларингизда Форрест Гампники каби креветка овловчи кемангиз бўлар, қолгани тасаввурларнинг ихтиёрига ҳавола, (лекин зинҳор уч метр арқон, битта хат ва битта стулча ҳақида ўйламанг).



Аллақайлардан запись бўлган гаплар:
"..Ҳеч қачон кеч эмас, ҳеч бир лаҳзада
Бошланг, қайта бошдан.."

"Ҳар бир одам ўз ҳаётида инқилоб қилсин.
Ҳар бир кимса ўз ичида инқилоб ясасин.
Турғунлик деви енгилармикан.."

Ёки, ҳамма ўз ўрнидами?..

среда, 25 марта 2015 г.

Мен қариш ва ўлиш учун дунёга келмаганман



Сизларга бир сирни очаман: одам қўрқувдан ўлади. Қарияларнинг йўриғи бошқа, улар албатта, таналари емирилишидан вафот этишади. Лекин, ёш ва соғлом одамлар асосан қўрқувдан ўладилар. Юраклари ёрилиб, ўларлар.

Менда бу қўрқув доимий.

Мен ҳам бир кун ўлсам. Бирдан ўлсам.

Балки, навбатдаги сайрга чиққанда ғилдирак остида қоларман.

Балки, бир гўзал ҳуснига дош бера олмасдан, юрагим ёрилар.

Балки зўриқишдан тамом бўларман, балки силга чалинарман.

Бир кун ўлсам. Баҳоримда хазон ҳидини уфурсам.

Ортиқ тиш оғриғини сезмасам. Ёмғир ёки чанг, ёки қуриган ҳамёним ортиқ эзмаса.

Бу қандай бўлса бўлар, аммо ундан кейин не кечар?

Худди телевизор куйган каби абадул-абад ўчарманми?

Қаро ерга кириб кетсаму, тин олсам. Тепамда бир қиз қора кийиб турарми?


Одамларни уч тоифага ажратаман. Оқ, сариқ ва қорага эмас, қуйидаги уч тоифага.

Одамлар борки, моддий маблағга муккасидан кетган. Пул деса кўзи кўр, қулоғи кар, оғзи гунг бўладиган. Балки, аввал ҳам жуда кўп бўлгандир бунақа  одамлар? Буни ким билар? Мен қаёқдан биларман? Улар аллақачон, ўзлари истамаса ҳам, яна яшашни истасалар ҳам, тупроққа қоришиб, ном-нишонсиз кетишган бўлса? (Ғариблик ҳақидаги барча ҳикояларни эслаб ўтаман уларнинг хотираси учун).

Билишимча, ҳозир ўзбек жамиятида энг "ёғли соҳа" ҳарбий ва ички ишлар хизматида эмиш. Айтишларича, улар 12 ойдан ташқари қўшимча ойликлардан ҳам баҳраманд бўлишар эмишу, ҳафтанинг барча кунида ишга чиқишлари шарт эмас эмиш. Тағин, маошлар миқдоридаги 6 та нол ҳам 1 дан кейин эмас, 2 дан кейин бошланар эмиш. Майли, бу тасдиқланмаган маълумотлар билан бошингизни айлантирмайин, ўзим тасдиқлайдиган бир гапни айтайин: шахсан ўзимга шу соҳадан таклиф бўлса, бўлиши мумкину, масалан улар ҳам кўпдан-кўп газеталар чиқаришади, шу ишларида хизматим керак бўлса-ю, бундоқ таклифни уларнинг иш формаларини кийишдан ор қилишим сабаби биланоқ камоли эҳтиром билан рад этгум. Қолаверса, пенсияга чиққунча, (гарчи бу муддат бир қадар тез келса ҳам), диққинафасликда яшай оламанми? Бош кўтариб, бу гўзал дунё безакларини томоша қилишдан маҳрум бўлиб? Ар-зи-май-ди.

Яна лавозимларга ўч тоифа мавжуд. Уларнинг топадиган шуҳратларини маънавий маблағ сифатида белгилаб олиш мумкин. Улар идораларда, столларнинг ортида бир занглаган қоя каби ўтирарлар. Ҳиссиз ва нурсиз. (Қулоғим остида Стива Облонскийнинг "Қоғозбозлик мамлакатнинг юраги!" деган хитоби янграяпти).

Лекин уларнинг аксари тизимларнинг қайсидир поғоналарида, бурчакларида бир умр қотиб қолиб кетар. Тепага чиққандаки, нима бор у ерда? (Бу ўринда эса "Галстук" номли қисқа метражли фильмни кўриб қўйишни тавсия этиб ўтгим келди).
Хуллас, бўл-май-ди!

Учинчи йўл эса ҳамиша мавжуд. Бу йўлда ҳам маблағ мавжуд. Рамзий маблағ деса бўлади буни.

Бир қаҳрамон бўлар, бутун умрини бир эътиқодга бахш этар. Йиллар бўйи изланар, тўхтовсиз равишда ҳар хил омадсизликларга рўбару келар, оч қолар, уйсиз яшар, ҳамма уни бирин-кетин ташлаб кетар, лекин у курашдан тўхтамар. Ва ғалаба қозонар ҳам. Ва бу ғалаба онида шундай қониқишни туярки, бундай туйғу осмондан садолар ҳамроҳлигида тангрининг марҳамати каби ёмғир бўлиб ёғилар.

Шу қониқиш туйғуси учун яшасанг бўларда.
Шу қониқиш туйғуси учун қанча вақт сарфласанг арзир, бошқасига арзимар.
Шу қониқиш лаҳзаларида ирғишласанг арзир, бошқаларида ҳеч.
Шу қониқишни олий мақсад қилса бўлар, қолганларини - йўқ.


Мен эса ҳаётга қонмасдан ўлсам. Ёмғир тинмай ёққан кунда ёки бирон қуёшли якшанбада енгилсам. Ленский каби ёш ўлсаму, бирон шоир у "қариш ва ўлиш учун бу дунёга келмаганди" деб ашъор битмаса.

Одамлар хотирасидан ўчиб-ўчиб, йўқоламанми? Кимдир, кун.уз ва хабардор.уз сайтларига хабар ёзиб ўтирарди шу бола деб эслаб юрадими?

Шолу ногирон, бор йўғи юзидаги битта мушаги ишлайдиган, гапиролмайдиган, юролмайдиган Стивен Ҳокинг шу аҳволида асримизнинг энг буюк олими бўлиб турибди. Мен эса соппа-соғ ҳолимга қилиб ўтирган ишимдан кулгим келиб турибман.

Шунинг учун бир иш қилиш керак!

Ўлимим тайин экан, ўзимдан бир иш қолдириб кетишим керак.


Курашни бошлашим керак. Ичимдаги итоаткорлик руҳига қарши ҳам, ташимдаги ҳукмронлар армиясига қарши ҳам аёвсиз жанг олиб боришим керак. Мақсадга эришиш йўлида кескин шартлар ва жўшқин ҳаракатлардан бош тортганнинг ҳолига вой бўлсин. Ғалабага эришсам, нафақат ўзим бахтли бўламан, атрофимга ҳам бахт таратиб юраман.

Узоқ яшанглар.

воскресенье, 1 марта 2015 г.

Қиш маликаси



Баҳор келибди. Ҳаммани хурсанд қилибди. Баҳорни соғинмагандим.

Бугун “Миллий боғ” бекати билан “Ҳамза” орасидаги поезд очиқ ҳавога чиққанида, кўзларим қамашиб кетди. Мани қуёш хафа қилмайдию, хурсанд ҳам. Бу ҳаётга шундай бефарқ бўлиб қолдим.

Баҳорнинг сан билан боғлиқ бир куни ҳам йўқ. Баҳорнинг бирон кунида кўрмаганман сани. Баҳор кунида қанақа бўлишингни билмайман. Тасаввур қила олмайман. Тасаввур қила оласанми?

Энди қишларда қор кўп ёғмасада, шаҳар ўртасидаги қор уюмларига энди бошқа юмалашмасакда, энди ҳар йили қишнинг тугашидан кўнглим чўкади.

“Суғур куни” фильмидаги қаҳрамон фақат бир кунни қайта-қайта яшайвергани каби, мен ҳам ўша қишни қайта-қайта яшашни истайвераман.

“Сенсиз бир кун ҳам яшай олмайман”, дегандиму, лекин ҳали ҳамон бу лаънати ҳаётга шу лаънати пайпаслагичларим билан маҳкам ёпишиб олганча яшамоқдаман.

Менга яхшиликлар тилама, фойдаси йўқ ахир!

Барчасига етган ақлинг, (фавқулодда доносан) энди бошқа ҳеч ким билан сайрга чиқа олмаслигимни била олмайдими?

Энди кўчаларда, кечаларда ёлғиз кезаман.

Энди кўзларим қорайган. Энди бировнинг бу кўзлар ичига тикилишига йўл қўймасман.

"Жуда чарчаганман. Ҳам хунукман. Ва яна чарчаганман"...

среда, 11 февраля 2015 г.

Вақт етмади



Аввалги блогпостни ҳам ҳозиргидек ёмғир қуяётган вақтда ёзган эдим.

Аввалгисини ҳам блог админкасига тўғридан-тўгри ёзиб кетган эдим.

Аввалгисини ёзишимдаям кайфиятим жуда шилталанган эди.

Бугун бир қиз фақат футболчига эрга тегишини айтгани сабаб эмас бу ҳолатимга. Ёмғирдан ҳам хафа бўлмайман. Вақт ҳақида бугун кундузги твиттерда айланган твитлардан олдинроқдан бери ўйлаётган эдим.

Ҳа, энди футболчи сифатида муваффақият қозониш учун жуда кеч бўлган. Умуман, спорт ва санъатнинг бир талай соҳаларида намоён бўлишга жуда кеч бўлган.

Ҳозир бир кунлик ишларни қилиб юрибман, ўша ҳамма билган тирикчилик, кун ўтказиш юзасидан. Бир вақтлар оламшумул ишлар қилишга бўлган даъволаримдан зарра қолмади.

Бу вақт ичида зўр футболчи бўлиш уёқда қолсин, зўр олим, сиёсатчи, жамоатчи ва ҳоказо ва ҳоказолар бўлишим имконларимни бой бердим.

Неча-неча чиқинди қутиларини улоқтирилган имконларим билан тўлдирдим.

Энди ўттизга кирмай ўтин бўлмасим учун вақт етармикин?

Ҳали ҳам шошиб, вақт етмай қолишидан қўрқиб, лекин номаълумлик сари кетаяпман.

среда, 24 декабря 2014 г.

“Ахир мени онам бемеҳр туққан..”



Агар, эрталаб йўлда ўйчан келаётганимда, эски, синфдош дўстим йўлимни тўсмаганида ва хаёлларимни тарқатибюбормаганида, онам ҳақида бошқа нарса ёзган бўлар эдим. Ёки, ҳеч нарса ёзмасмидим, билмадим.

Мана энди, ташқарида ёмғир, бўм-бўш хонада ёлғиз қолганда, қалтираб туриб шуни ёзишни бошладим.

Кейинги ярим соат ичида нима ёза оламан, буни билмайман...

Бугун 24 декабрми ёки 23 декабрмилигини, аниқ билмайман.

Онамнинг туғилган куни 24 декабрда эдими ёки, 23дами, буни билмаяпман. Очиғи, туққан онамнинг исми Ўралойми ёки Ўғилой, буни ҳам анча вақтгача билмай яшаган эдим.

Онам. Мен бу аёлни мактабдаги мажлисларга, ундан ор қилганим учун чақирмасдим, ўқитувчига эса, касал ётибди деб ёлғон айтардим. (Чунки, опам, Жиззахда онани шундай айтади кўпчилик, доим шолрўмол ўраб, рўдапо кийимларда юрар, жуда кекса кўринар эди). Кейин у ростдан ҳам касал бўлди. Кейинги 10 йиллар ичида уни фақат тўшакда бемор ҳолида кўрдим.

У қандай дардлар билан оғриди, буни ҳам билмайман.

(Гимназиядан қайтар эканман, (у замонларда телефонлар йўқди) ҳар доим “онам ўлибқолмадимикин?” деган ҳадикда бўлар эдим).

Онамнинг сочлари ҳозир оқми, қорами, буни билмайман.

Онам, мани туққанидан афсусланганми ёки йўқ, буни албатта била олмайман.

Онам, қизлик даврида нималарни орзу қилган, буни ҳеч қачон била олмасман.

Онам, мени гўдаклигимда эркалаганмиди, буни билмашим аниқ.

Отам уни қаттиқ чўчитган, қўрқитгандир балки, болаларига ҳам ҳадди сиғиб бир нима демас эди.

Бир сафар унинг русчани ва адабиётни билишини кўрганимда ҳайрон қолганман.

Хоҳласанглар ҳайрон қолинглар, хоҳласанглар лол бўлинглар, юрагимни шунча қурум босган.

Балки, манда, танамда қандайдир суюқлик етишмасдир?

Яна шуни билмайманки, бу постни ёзиб бўлиб, онамга телефон қиламанми, ёки жиллақурса, смс ёзаманми?

Ва шунингдек, унга қандай қиз муносиб келин бўла олишини ҳам билмайман...


четверг, 6 ноября 2014 г.

Садақа сўровчилар



Мен расво ва ярамас одамман.
Ҳеч бир киноя ва муболағасиз шундай.

Бугун азгина бўш вақтим бўбқолувди, тағин, қўлимгаям азгинча пул тушибқолувди. Шаҳар айланишга чиқибкетгандим яна.

Масжид олдидан ўтаётганимда, атрофимни тиланчилар ўраб олди. Боласини шолрўмол билан орқасига боғлаб қўйган жиккаккина қорамағиз аёл чўпдек озғин қўлларини чўзди. Олдимга қандайдир сўқир кишини етаклаганча бир тўда бола келди, майиблар ўзларининг майиб жойларини кўрсатди, яримяланғоч гўдаклар эса тинмай чақа сўради. Уларга майда-чуйда пулларимни бўлиб берганимдан кейин ҳам олдимда яна бир соппа-соғ бола пайдо бўлиб, “Худо йўлига садақа беринг” дебқолди. Ундан “Худо деганинг ким?” деб сўрадим. Миқ этмади. “Бор, санга пул бермайман” дея узоқлашдим ундан.

Фейсбукда ҳам, твиттерда ҳам шундай худони танимасдан, унинг номини тилидан қўймайдиганларнинг бир талайини учратаман. Динни шундай тарғиб қилишадики, дин наҳот шуларнинг садақа сўрагувчилардек аюҳаннос солишларига муҳтож бўлса  деб ўйлаб қоламан.

Улар дин билан фанни солиштириб, Эйнштейнни дин тарафга қўйиб қўйишади.

Улар фейсбук аккаунтидаги шаккокона гаплари учун атеист болани излаб топиб, ўлгудек калтаклаб келишади.

Улар қизларнинг нима кийишини муҳокама қилишни ўзларига эп кўриб, ўзганинг ишига бурниларини тиқишади.

Тим Кукнинг баёнотидан кейин, у ишлайдиган компания маҳсулотларини инкор қилиб, бошқаларни ҳам шунга ундайди ўшалар.

Мен расво ва ярамас одамман. Динни ҳам, фалсафани ҳам чуқур ўрганмаганман. Кўп гапира олмайман ҳам.

Мен расвоман, лекин бундоқ олиб қарасак, қай бирингиз расво эмассиз? Қани ким гуноҳ қилишдан муҳофазаланган? Гейлик оғир гуноҳдир балки қайсидур китобларда ёзилганидек. Лекин, ундан чандон оғир гуноҳларни қилиб юрибсизларку ўзларингиз?

Мен расво ва ярамас одамман. Лекин маънавиятим паст эмас мен одамнинг.
Ва яна шуни биладиган одамманки, дин – руҳий ўсиш, баркамоллашиш воситаси, асло тубанлашишнинг эмас.


четверг, 23 октября 2014 г.

no title



Отам ҳам, бобом ҳам, отамнинг бобосию, бобомнинг бобоси ҳам, менимча, нечта аждодим бор бўлса, барчалари мулла ва имом бўлиб ўтишган. Ҳатто, ўтмишдаги қариндошларим орасида дам солиб, сувларни тескари оқизган, ўликларни тирилтирган ёки жониворлар билан тиллаша олган афсонавийлари ҳам ўтган эмиш)

Силсиланинг навбатдаги бўғини бўлган мен ҳам, мурғаклигимданоқ “эскича билимлар” олишим учун шаҳардаги мадрасага топшириламан. У ердаги домлам доим бошимдан анқийдиган шампун ҳидидан шикоят қилар эди. Бу ерда мендан ташқари турли тоғу тошлардан, чўлу биёбонлардан келган йигирма чоғли болакайлар ҳозир бўлишган эди. Биз эртаю кеч бир хонага тиқилволиб чуғурлашар, домла нима деса уни такрорлаб бақирар эдик. Ҳар ой охирида келишига рухсат берилган отамиз ва онамиз йўлига кўз тикиб кун ўткарар эдик. Фақат бир сафдошимизнинг келиб кўрадиган кишиси йўқ эди. Унинг ёши биз қатори бўлган эса-да, кўзлари катталарникидек тийран боқар, энг ақллимиз ва жўрабошимиз ҳам шу эди.

Бир куни домломиз устимиздан қулфлаб, қайгадир кетиб қолди. Кечга яқин қайтиб келганида эса, биз кўп гуноҳ ишларни қилиб юборган эдик. Ўша жўрабошимиз саллаларимизни олдида, юмалоқлаб копток ясабберди. Биз ўшанда каттагина хонамизни футбол майдонига айлантириб, хонани обдон тўзитдик, ёстиқбўрон ўйнаб, ёстиқларни йиртдик, жавонларни қулатдик ва охири чарчаб ухлаб қолдик.

Эрталабгача бу қилиқларимиздан мадраса бош мудири ҳам хабардор бўлгани аён бўлди ва энди биз чурвақаларни қаттиқ жазолов кутаётганди. Лекин, мударрисимиз ўртага тушиб, жазони енгиллатишга эришади – унга кўра, биз қаттиқ тазарру қилишимиз, пушаймонларимизни йиғиларимиз билан ифода этишимиз керак бўларди. Қилмишидан афсусланмаганлар эса, сазойи қилиниб, мактабдан ҳайдалиши пўписа қилинади.

Бошқалар қандай эплашган билмадиму, каминангиз маҳалламиздаги энг хунук татар қизни эсласам бас, кўзларим лиммо-лим ёш билан тўларди. Лекин аниқ эслайман, атрофимдаги йиғи товушларидан қулоқларим батанг бўлаёзган эди. Ҳатто бир дийдаси қаттиқ болакай қўлларига туфалаб, кўзларини намлаб, чунонам уввос солгандики, кейин анча вақтгача томоғи хириллаб, гапира олмасдан юрганди.

Шунда яна кўзим тушиб қолдики, Ихтиёр (жўрабошимизнинг исмини айтиш энди эсимга келибди) қўлларини чўнтагига суқуб, бир чеккада бизни лолу ҳайронлик билан кузатиб турган экан.

Уни йиғламагани учун қаттиқ жазолашди – қўлларига учига темир қадалган таёқ билан уриб, кўзларидан ёш тирқиратилди. Камлик қилганига юзини ҳар биримиз туфугимизда намлаб ўтдик… Ва охирида уни шаҳардаги рус болалари тарбияланадиган етимхонага жўнатиб юборишди.

Бироз ўтиб, у даргоҳдан ердан қочиб кетдим. Диний уламо бўлиб етишувим кутилаётган келажагимдан воз кечдим-у кетдим.

Яқинда ўша дўстим ўлди (унинг хотираси ҳаққи-ҳурмати юмшоқроқ айтгим келди бу сўзни). Аниқроғи ўлдирибкетишди – квартирасидаги ваннахонадан жасади топилган. Унинг таъзиясида ўшанда холис шавқатсизлик кўрсатган кўпгина мактабдошлар қатнашди. Биз ростакамига йиғлашдик ўша куни.

Йиғлагиси келмаганда йиғламасликни, ёлғон сўзлагиси келмаганда ёлғон сўзламасликни, қарсак чалиш ўринсиз бўлганида қарсак чалмасликни, куйлашни истаганида куйлашни, билишни хоҳлаганини билишни, кетгиси келганда кетишни ўргатган эди бу дўстим.