четверг, 23 октября 2014 г.

no title



Отам ҳам, бобом ҳам, отамнинг бобосию, бобомнинг бобоси ҳам, менимча, нечта аждодим бор бўлса, барчалари мулла ва имом бўлиб ўтишган. Ҳатто, ўтмишдаги қариндошларим орасида дам солиб, сувларни тескари оқизган, ўликларни тирилтирган ёки жониворлар билан тиллаша олган афсонавийлари ҳам ўтган эмиш)

Силсиланинг навбатдаги бўғини бўлган мен ҳам, мурғаклигимданоқ “эскича билимлар” олишим учун шаҳардаги мадрасага топшириламан. У ердаги домлам доим бошимдан анқийдиган шампун ҳидидан шикоят қилар эди. Бу ерда мендан ташқари турли тоғу тошлардан, чўлу биёбонлардан келган йигирма чоғли болакайлар ҳозир бўлишган эди. Биз эртаю кеч бир хонага тиқилволиб чуғурлашар, домла нима деса уни такрорлаб бақирар эдик. Ҳар ой охирида келишига рухсат берилган отамиз ва онамиз йўлига кўз тикиб кун ўткарар эдик. Фақат бир сафдошимизнинг келиб кўрадиган кишиси йўқ эди. Унинг ёши биз қатори бўлган эса-да, кўзлари катталарникидек тийран боқар, энг ақллимиз ва жўрабошимиз ҳам шу эди.

Бир куни домломиз устимиздан қулфлаб, қайгадир кетиб қолди. Кечга яқин қайтиб келганида эса, биз кўп гуноҳ ишларни қилиб юборган эдик. Ўша жўрабошимиз саллаларимизни олдида, юмалоқлаб копток ясабберди. Биз ўшанда каттагина хонамизни футбол майдонига айлантириб, хонани обдон тўзитдик, ёстиқбўрон ўйнаб, ёстиқларни йиртдик, жавонларни қулатдик ва охири чарчаб ухлаб қолдик.

Эрталабгача бу қилиқларимиздан мадраса бош мудири ҳам хабардор бўлгани аён бўлди ва энди биз чурвақаларни қаттиқ жазолов кутаётганди. Лекин, мударрисимиз ўртага тушиб, жазони енгиллатишга эришади – унга кўра, биз қаттиқ тазарру қилишимиз, пушаймонларимизни йиғиларимиз билан ифода этишимиз керак бўларди. Қилмишидан афсусланмаганлар эса, сазойи қилиниб, мактабдан ҳайдалиши пўписа қилинади.

Бошқалар қандай эплашган билмадиму, каминангиз маҳалламиздаги энг хунук татар қизни эсласам бас, кўзларим лиммо-лим ёш билан тўларди. Лекин аниқ эслайман, атрофимдаги йиғи товушларидан қулоқларим батанг бўлаёзган эди. Ҳатто бир дийдаси қаттиқ болакай қўлларига туфалаб, кўзларини намлаб, чунонам уввос солгандики, кейин анча вақтгача томоғи хириллаб, гапира олмасдан юрганди.

Шунда яна кўзим тушиб қолдики, Ихтиёр (жўрабошимизнинг исмини айтиш энди эсимга келибди) қўлларини чўнтагига суқуб, бир чеккада бизни лолу ҳайронлик билан кузатиб турган экан.

Уни йиғламагани учун қаттиқ жазолашди – қўлларига учига темир қадалган таёқ билан уриб, кўзларидан ёш тирқиратилди. Камлик қилганига юзини ҳар биримиз туфугимизда намлаб ўтдик… Ва охирида уни шаҳардаги рус болалари тарбияланадиган етимхонага жўнатиб юборишди.

Бироз ўтиб, у даргоҳдан ердан қочиб кетдим. Диний уламо бўлиб етишувим кутилаётган келажагимдан воз кечдим-у кетдим.

Яқинда ўша дўстим ўлди (унинг хотираси ҳаққи-ҳурмати юмшоқроқ айтгим келди бу сўзни). Аниқроғи ўлдирибкетишди – квартирасидаги ваннахонадан жасади топилган. Унинг таъзиясида ўшанда холис шавқатсизлик кўрсатган кўпгина мактабдошлар қатнашди. Биз ростакамига йиғлашдик ўша куни.

Йиғлагиси келмаганда йиғламасликни, ёлғон сўзлагиси келмаганда ёлғон сўзламасликни, қарсак чалиш ўринсиз бўлганида қарсак чалмасликни, куйлашни истаганида куйлашни, билишни хоҳлаганини билишни, кетгиси келганда кетишни ўргатган эди бу дўстим.

среда, 15 октября 2014 г.

"Пахта солиғи"




“Қўлингдан келса тушуниб ол” услубидаги постлардан олдин яна бир қанча қуруқ гапларни айтиб қолмоқчиман.

Кеча яна йўлчилик қилиб кетаётган эдим (доктор кўпроқ ҳаракатда бўлишимни тавсия этган, ҳадеб кўчаларни кезишим боиси ҳам шу), “Беруний” метроси яқинида бир укахонни – факултетда ўтган йили биринчи курс бўлган, бу йил иккинчи курсга ўтган талабани учратиб қолдим. Миллий университетнинг журналистика факультетида.

Уёғдан буёғдан гаплашиб, ҳол-аҳвол сўрашганимиздан сўнг, унинг бу ерда серрайиб нимани кутиб турганига қизиқдим. Ана дардини достон қила кетди-ю… Айтишича, биз омон-омон замонларда ўқиб, битириб олган эканмиз. Энди у ерда аҳвол мушкул бўлиб қолганмуш. Декан ва замдеканлар янада шавқатсизлашибди, ўқитувчилар “одам танимас” бўлиб олишибди. Буям етмагандек, университетда пахтага сафарбарлик эълон қилинибдию, мустақиллик кунларидан бери биринчи маротаба журналистика талабалари ҳам шу мажбурият қаршисида қолишибди. Болалар албатта, йиғилволишиб пўнғиллаб норозилик билдиришган, ишбилармон проректор эса сулҳ таклиф қилган – пахтага боришни истамайдиганлар 100$ дан йиғсин, пули йўқлар кўрпа-тўшагини кўтариб, автобусга минсин. Ҳали “контракт пули”дан қутилар-қутилмасларидан жорий этилган бу янги солиқ – “пахта пули” кўпчиликнинг тинкасини қуритипти. Ана энди факультетда вазият бундай эмиш: талабалар уч тоифага бўлинган, харажатдан қочиб далаларга жўнаб кетганлар, пулни тўлаб қўйиб, дарсхонада ўтириш ҳуқуқини сақлаб қолганлар ва на уёқли на буёқлилар. Учинчи тоифадагилар касалми, касалмасми, яроқлими, яроқлимасми, оқми, қорами, бундан қатъи назар, “ректорнинг қаҳрига учраганлар” рўйхатига киритилибди. Энди улар пахтага жон деб чиқмоқчилару, асло рухсат йўқ эмиш. Энди улар факультет остонасига ҳам яқинлаштирилмас, улар билан ҳеч қандай музокараларга киришилмас ва уларга ҳар кунги дарсларда “НБ” тайинланиб, уларга нисбатан, тахминан “фалон соат дарс қолдиргани учун ушбу талаба талабалик сафидан чиқарилди” кўринишида иш тутиш режалаштирилаётган экан. Ҳа, ҳа, ҳайрон бўлманглар, факультетда ҳар куни дарслар ўтилмоқда, бир ҳовучгина талабага бўлса ҳам. Яна бир ҳовуч талаба азоб-уқубат ва хўрлик кўриб Мирзачўл далаларида хизмат қилмоқда. Яна бир қисмидан эса шунчаки воз кечилган – кўчага ҳайдаб чиқарилган улар. Хуллас, пахтага ббориш бир хўрлик – қолиш пулини тўлай олмаганингдан уяласан, пулини тўлаб аудиторияда ўтириш бир хўрлик – бошқа ўртоқларинг аҳволи бу бўлса-да, сен бу ерда ялпайиб ўтиришинг виждонингни эзади. Учинчилари эса, кўчада юришибди юқорида айтганимдек...

Хуллас, ҳаммаёқда аҳмоқгарчилик. Тўғри, пахтани териш керак, терганда ҳам, чаноғида қолдирмасдан тоза қилиб териш керак. Лекин, 4 йил курсдош бўладиган қоракўзларни нима керак бунақа бир-биридан ажратиб? Қанча дод-вой қилса ҳам, мажбуран олибкетсин ҳаммасини. Олибкетсин ҳаммасини бирданига, биргаликда кўрсин нима кўрса, биргаликда қилсин нима қилса, маҳаллий жўжахўрозлардан биргаликда калтак есин керак бўлса, қийинчиликларни бирга енгишсин, дўстликлари шундай кунларда тобланиб, мустаҳкамланибкетсин.

Ўзимнинг ўзимга маълум қилишимча, эфир вақтим якунланиб бормоқда экан. Ҳа, демак, уни эшитиб бўлдим, энди нима қилмоқчи эканини ҳам сўрадим. Ҳали буёғини эшитинг бўмасам. Уйидан пул жўнатишибди – юз долар. Лекин, пулни кимга бериш борасида иккиланаётган экан: “пахта пули”ни тўласинми, “учинчи ведомост”ни ёпсинми ёки квартира эшигида уни пойлаётган “хозяйка”сига олиб бориб берсинми? Шу вақтда боланинг телефони жингиллаб қолди ва 100$ нинг қисмати аён бўлди. Йигит “нима бўлса бўлди” қабилида иш тутиб, таниш қизлар билан “Истиқлол” санъат саройига боришга қарор қабул қилди.

Шу жойида текин реклама: Ҳаёт машаққатларидан зада бўлиб юрибсизми, марҳамат, айни кунларда ўз дастурларини намойиш этаётган “ҚВЗ” ҳазиллари билан кўнглингизни кўтариб, дардларингизни пича унутинг!

Pi/eS: Кечаси билан тушимга проректор кириб чиқди. Ҳар қадамимни таъқиб этиб, пулни сўрар эмиш. Бир амаллаб, 100$ топиб берибман. Энди ҳозир ўйлаб, афсусланиб, ачиниб ўтирибман, унга пулни нега бердим-а, ахир, худога минг қатла шукрлар бўлсинким, бу ер юткур университет олдида ҳеч қандай мажбуриятим қолмаган – битириб кетганманкууу?!

пятница, 10 октября 2014 г.

Тамерланг


Охирги кунларда ижтимоий тармоқларда муҳокамаларни келтириб чиқарган ва бизнинг эътиборимизни ҳам ўзига қаратган воқеалардан бири –  Голливуд киноижодкорлари томонидан Амир Темур образини киноэкранларга олиб чиқиш лойиҳаси ишлаб чиқилгани бўлди.
Бу ҳақида аввалига podrobno.uz , кейин етакчи интернет нашрларимиз daryo.uz ва kun.uz ҳам хабар берди.

Твиттер ва фейсбук нинг ўзбек фойдаланувчиларини бу хабар бирқадар тўлқинлантирганини ҳам кузатдик. Кимдир Амир Темур сиймосини гавдалантириши кўзда тутилаётган Хью Жекман бу ролга муносибми йўқмилиги ҳақида бош қотирса, яна кимдир жаҳон киночиларининг буюк бобокалонимиз ҳақида кино ишлашаётганларидан фахр туйғуларини ҳис қилаётганини баён қилди.

Хабарда айтилишича, ушбу фильм сенарийси америкалик ижодкорлар томонидан ёзилган ва рус бизнесмени томонидан молиялаштирилган. Кинокартина продюсери Андрей Поклонский демоқдаки, сюжет асосан Амир Темурнинг рус ерларига қилган юришларини қамраб олиши режалаштирилмоқда.

Ўша ҳомий-бизнесменнинг шу ҳақидаги интервъюсинни ўқиб қолдим. У билдириб ўтадики, филъмдаги асосий кулминация Амир Темур Рязань ерларига етиб келганида, тушига Биби Мариям кириб, саркардага ортга қайтиб кетишини уқтириши ва натижада шундай ҳам бўлиши. Бундан кўринадики, ушбу филъмнинг мақсади христианликни улуғлаш ва Амир Темурни шарманда қилиш.

Амир Темур шахси ҳақида ундан кўп яхшилик кўрган испан элчиси де Клавихо ёзган. Унга лаганбардорлик қилиб кун кўрган бир талай сарой тарихчилари ёзган. Европани усмонлилар зулмидан қутқаргани учун кичик-кичик қиролчалари миннатдорлик хатчаларини ёзган. Кристофер Марло исмли инглиз драматурги “Буюк Темур”ни ёзганини мактабда бот-бот эшитиб юрардик. Яна “Ночной дозор” ёки “Дневний дозор” иккисидан бирида ёш Темур образи киритилган. Лекин бу ролни қисиқкўз қозоқ йигити ўйнаб, қозоқча гапиради..

Ўзимиз ёндириб юматилган балонлар ёрдамида ишлаган киномаҳсулотимизни эса, бировга кўрсатиб бўлмайди…

Маълумингиз бўлсинким, Амир Темурни руслар ҳам, барча кавказ халқлари ва турклар, Ўрта Осиёдаги бошқа халқлар ҳам шавқатсиз ва қонхўр бир босқинчи сифатида жуда ёмон кўради. Айни кино ишланиб, экранларга чиққач, бундан ларзага тушиб, лолу ҳайрон қолманглар дейман холос.

среда, 8 октября 2014 г.

pushkada qolgan odamning dardi..




Birovlar nega yozmay qo`yganimni so`rashadi.

Yozishku qiyinmas. Har kuni bitta nimarsa qoralash ish emas. Lekin,sharillatib-taqillatib yozib tashlayversak, hamma oson ish ekan-ku bu deb, bloger bo`bketmasin deymizdaa))

Aldadim albatta. Boshqalarni bilmadim-u, manda boshqa sabab bor.

Buni tushkunlik deb ham bo`lmaydi. Qolaversa, mendagi tushkunlikni doimiy hisoblab, “tushkunliklar knyazi” martabasini xatlab berishgan bo`lsaa..

Bu shunday holatki, barcha endi seni yomon ko`rib qolgandek, his qilasan o`zingni.

Bu shunday holatki, yemagan somsangga pul to`lash alam qilayotkan bo`ladi.

Va yana, bu holatni shunday ta`riflash mumkinki, endi noma`lum muddatgacha pana-pastqamlarda yurishing kerak.

Futbolchilarda hech qanday jarohat olmasa-da, formada bo`lmaslik holati borku, o`shangayam o`xshatish mumkin.

Qaysidir yili, Eden Azar Suonsi bilan o`yinda edi shekilli, “ball-boy” to`pni bermasdan, vaqtni cho`zgani uchun, undan to`pni kuch bilan olib qo`yishiga to`g`ri kelgandi va alal-oqibatda butun olam uni vahshiylikda ayblab chiqqan edi. O`sha voqeadan keyin Azarning o`yini pasaydi, fentezi o`yiniga umuman yaramay qoldi desayam bo`lar)

Yoki, Runining bir mojaroga aralashibqolganini olaylik. O`sha mavsumda u ham “mandraj” holatida yurib, o`yindan gol urish tugul, penalti zarbalarini osmonga qarata yo`naltirganlarini ko`pchilik yodida saqlasa kerak. Tag`in, Jerardda shunaqa davr bo`lganini eslashimiz mumkin..

O`zimga keladigan bo`lsak, o`zimga kelishim u qadar ko`p vaqtni talab etmasligi tayin. Oxirgi sayrdan omon qaytmagan zontik o`rniga boshqasini olib, ko`chalarni yayov kezishim yaqin.

суббота, 16 августа 2014 г.

Эрматов в студию..



Ҳали етти ёшда эдик. Мактаб синфхоналарида пайдо бўлдик. Директор янги ўқув йили бошлангани муносабати билан нутқ сўзлади. Биз илк марта қарсак чалиш ҳадисини олдик…

Тез-тез йиғилишлар бўлар, ойлар мобайнида биз кафтни кафтга уриш машқи билан маҳоратимизни ошира борардик. Қаерда бўлмайлик, кимни кўрмайлик, таърифларга тиллар ожизлик қилиб, жон-жаҳдларимиз билан қўллар орқали ўз эътиборларимизни эътироф этаверардик.



Бир қиз танишим ўша кунги, “Бунёдкор” стадионида Равшан Эрматов билан учрашувга таклиф этганида дарҳол одатдаги баҳоналардан бири, масалан шу куни умуман Тошкентда бўлмаслигим ҳақидагиси билан рад жавоби бера қолгандим. Ва мана ҳозир шу қилганим нақадар тўғри бўлганига қаноат ҳосил қилиб юрибман.

“Давр”да кўрсатишди: Эрматов атрофида ярим доира ясаб камолотчилар ўтириб олишган экан. Доирадан ташқарида қолганлар уларнинг ортидаги трибуналарга сочилиб жойлашишган эди. Бу мезбонлар меҳмонларни пойгак тарафга таклиф этишганига ҳам ўхшаб кўринаркан…

Атрофда эса “Тез ёрдам” дамаси ҳам, милиция фургони ҳам йўқ эди. Камолотчилар сафида эса каминага дуч келиши ҳаёти учун хавфли бўлган нусхалар бор эди.

Ва савол-жавоблар бўлибди. Яхшиям бормаганим. Йўқса, реферига, Украинадаги жараёнлар бўйича позициясини аниқлаш учун савол бериб ёки унинг келгусида, қачондир, Ўзбекистон президентлиги сайловларида қатнашиши мумкинмилигини сўраб, ҳаммани ҳаяжон ичра қолдиришни хоҳлаб қолармидим?..
Ёки, “Бошқа юртлик ҳамкасбларингизга ҳавас қиласизми – ўз юртларида ўз ҳолига ташлаб қўйилган ҳолатда, тинчгина ишлаб, яшаб юришганига?” дермидим балки…

Унда, зулфиячисифат камолотчи қизлардан бири каби, “Жаҳон футболида одил ва объектив ҳакамлик қиласиз…” деб бошласаму, у “Авваламбор, адолат ота-боболаримиздан биз ўзбек фарзандларининг қонига сингиб кетган …” деб давом эттириб, ўзиниям, бошқаларниям алдаб кетса?

Эрматов нима каромат кўрсатдики, уни қаҳрамонга чиқардинглар?
Ҳатто, финални бошқаришга лойиқ топилмасдан, ишончимизни қора қилдику?
Ҳолбуки, жаҳон чемпионатининг ҳамма ўйинини бир ўзи бошқарган тақдирда ҳам, мен уни миллат қаҳрамони деб атамасдим. У нари борса, ўз касбининг устаси холос мен учун.

У умумхалқ миқёсидаги нима иш кўрсатдики, масалан, мамлакатдаги ишсизлик муаммосини ҳал қилиб қўйгани йўқки, уни қаҳрамон атасак.

Тарих бари бир беаёвлик қилади. Эрматовдан кейин кимга қарсак чаласизлар?

вторник, 22 июля 2014 г.

Арафа



Санча айтганидек, кеганда ёзиб қўйиш керак, нима бўлса ҳам.

Гулбоғча ўртасида чалқанча ястаниб, дам осмонга, дам смартфонимга тикилиб ётгандим. Ёз осмонидаги оппоқ ва оқроқ булутлар дам қайсидир жонивор шаклида, дам қандайдир киши қиёфаси билан ёки бирда ҳам ҳайвон ҳам инсон бўлиб ўтиб юради. Биринчи қараганимда иккита алоҳида булут парчасидан ўзга нарса йўқ эди осмонда.
Ҳа, менинг ҳаётга бўлган қарашларим ҳам ана шу тахлит сезилмасдан ўзгариб кетаверди…

Ёзнинг бу нақадар гўзал кунида миямдан ўтган, ҳис қилганларимнинг ҳаммасини биратўла ифода қилишга уриниб кўраман.

“Хўш. Университитет таълимини тамомладим. Энди нима қиламан? Қандай тадбир кўраман?” дейман ўзимга ўзим. Миямдан қайта-қайта ўтган ва ҳис қилган нарсаларимнинг ҳаммасини учта алоҳида фикр туркумига ажратса бўлади.

Биттаси – эски ҳаётдан, фойдасиз билимлардан, ҳеч нарсага ярамаслиги маълум бўлиб қолган билимлардан воз кечиш фикри. Булардан воз кечиш алланечук завқли кўринади. Булардан воз кечиш осон ва содда йўлга ўхшаб ҳам кўринади.

Иккинчи хил фикр ва тасаввурларим эса энди бошламоқчи бўлган ҳаётимга тааллуқли деса бўлар. Мен бу янги ҳаётнинг соддалигини, тозалигини, қонунийлигини равшан ҳис қилиб, ундан қаноат ва ўзни қадрлаш туйғуларини топишга ва тин олишимга ишона оламан.

Учинчи туркум фикрлар ҳам борки, буларда бир аниқлик йўқ. Ва бу фикрлар эски ҳаётдан янги ҳаётга қандай ўтиб олиш керак деган савол атрофида айланиб юрар, кўзимга равшан бир нарса ярқ этиб кўринмай турар. “Хотин олайми? Ишга кириб, зарурий ишлар орқасидан югурайми? Профессорискийни ташлаб кетайми? Даштга бориб ер сотиб олиб, деҳқон бўлайми? Ўша ёқларда бир деҳқон қизини топиб уйланайми? Қандай қилиб? – дея такрор ва такрор ўзимни сўроқлаб, жавоб тополмасдан турарман.

Бу нарсаларни кейин аниқлаш учун қолдираману, шаҳарни кезиб, одамларнинг турфа юзлар ва ҳолларини томоша қилиб келишга бўлган ҳирсимни қондириш учун қўзғаламан…

четверг, 26 июня 2014 г.

Зомин. Эски хотиралардан бириси.



Лицейнинг математика гуруҳида тригонометрия ва логарифмларни ўрганиб юрган вақтимда, қуйи синфлардан биридаги бир оҳукўз билан кўзларимиз тўқнашиб қолади. Шу ондан эътиборан, тенгламаларнинг тўрт томони, дафтарларнинг бошию охири, дуч келган жойи шеърий сатрлар билан қоплана бошлайди.

Ўртоғим бир дафтаримни бекитиқча олиб, туман газетаси муҳаррири бўлган амакисига кўрсатганидан кейин, таҳририятга қатнаб қоламан. У ерда каминага ажратилган ғарибгина хонадаги столимнинг устида жудаям-жудаям эскирибкетган ёзув машинкаси ва сарғайиб кетган қоғозлар туради. Қанчалик тиришмайин, у дамларни бошқалар каби ажиб дамлар сифатида хотирамда гавдалантира олмаяпман. Дераза синиғидан шамол ғувиллаб кирар, шифтдан томчи тушиб, полни чиритар эди. Очиқ-ойдин шундай эди. (Эҳтимолки, ҳозир саломатлигим дуруст эмаслигида ўша узоқ қиш кунларида ўша хонада ўтказган иш кунларимнинг ҳам асорати бордир?)

Мени ўша даргоҳга бир нарса боғлаб олганди. Устига онасининг ёки синглисининг кийимларини ҳам илиб келаверадиган ёшгина мухбир-шоир Хайрулла ва унинг китоблари. У сархуш эмаслигида ҳам тузук суҳбатдош бўлгандир эҳтимол (уни бу мақомда кўриш каминага насиб этмаган-да), лекин ман кўрган кунларда ундан эшитганим ҳикоялар, сирлар ва турфа орзулар таъсирига берилиб, ҳаёт тарзим ўзгарган, бошқа поездга ўтиб олганман. Сўзга меҳрим тушган, унинг қудратига ишончим юксалган.

Кейин, шаҳарга келиб, тўғри журналистика факултетига бош суқдим.
Илк кунларданоқ умидларим синиқлари йўлимни тўсган бўлса-да, то “халқ душмани”га чиқарилиб, ўқишдан кетишимни хоҳлаб қолишмагунича дарсларга бориб юрдим.

Кейин, бошқа поездда давом этдим.
У поезд ҳам изидан чиқиб кетганида эса, яна журналистикага қайта қолдим. Ҳозир шу ерда осуда ва тинч ҳаёт кечираяпмиз.

Хайрулла 27-июнни интизорлик билан кутарди. Бу унинг ҳар йилида энг унутилмас кун бўлиб ўтарди. Ҳозир ҳам шундай бўлсин ишқилиб. Унинг битта китоби манда қопкетган. Ўзимдамасу, лекин ундан олгандим. Кеча “Алпомиш”ни ёнидаги камбағалгина китоб дўконидан ўша китоб нусхасини топдим. Лекин бир томони янгиланган Зоминни кўргим келмаяпти, иккинчидан уёққа борсам, уйдагилар оёқ-қўлимни боғлаб, уйлантириб юборишларидан хавфсирайман )