четверг, 13 марта 2014 г.

Талабанинг талабномаси


Ўзбек талабалари жуда кўп ўқишади. Битта фандан ўқиш учун бериладиган адабиёт ва дарсликлар шу қадар кўп бўладики, (масалан, жаҳон-адабиёти курсини олайлик, бу фандан баҳо олиш учун бир семестр давомида антик даврдан бошлаб замонавий давр адабиётигача бўлган даврни ўрганиш, ҳар бир талаба алоҳида ҳолатда ўнлаб китобларни мутолаа қилиб чиқиши зарур бўлади. Аввалку яхши эди, бу дарс 4 семестрга тақсимланиши орқали анчайин енгиллик қилинарди),  бу нарса оддий мактаб ўқувчиларини жисмоний тарбия дарсида ўнлаб километр масофани чопишга мажбур қилишдай гап. Университетдаги,  хусусан, журналистика факулътетидаги 4 йиллик ўқиш мобайнида талабалар 60 дан ошиқ курс тинглашади (бир неча йил олдин бундан ҳам кўп эди), булардан 20 таси танланган асосий касбга бевосита алоқадор, қолган фанларни эса бошқа кафедра ўқитувчилари ҳам рўзғор тебратиши учун ўқишади ва зачўт ёпишади.

Талабалар, шунингдек, жуда кўп ёзишади. Катта-катта дафтарларни тўлдириб, ўқиб берилган маърузани кўчиришади. (Дафтар ва ручка ишлаб чиқарувчи ва устига қўйиб, факулътет биноси ҳудудида сотувчилик қилувчилар ҳам рўзғор тебратиши керак). Деярли барча назорат ишлари ёзма шаклда бўлади. Саволларга уйда жавоб топиб, ёзиб келиш ҳам мумкин. Навбатдаги мантиқсизлик шундаки, ҳамманинг ёзгани бир хил бўлсаям, баҳолар ҳар хил қўйилади негадур. Ва бу баҳолар ҳамманинг олдида эълон қилинади. Бу билан бировларнинг нафсониятига тегилаверади, тегилаверади, ҳеч қайсимиз бундай қилмасликни бир сўраб қўймаймиз. Ҳамманинг олдида мақташ ҳам, танбеҳ бериш ҳам зарар келтиришини барчамиз билсак ҳам. Қолаверса ўқиш ҳар кимнинг хусусий иши бўлса. Ҳамма нарса ўқитувчи хонасида яккама-якка муҳокама қилинишини жорий этиш ҳақида ўйлаб кўрсак бўларди. Сирасини айтганда профессор талабанинг ёлланган ишчиси ҳисобланиши, маъмурият эса улар ўртасидаги воситачи ўлароқ кўрилиши керак!
Бизнинг анчагина обрўли университетимизда ўқиш учун талаба йилига анча-мунча пул тўлайди. Ётоқхона учун ҳам алоҳида. Бундай маблағ сарфлаб қўйган талаба эса ўзига алоҳида эътибор кўрсатишларини талаб этишга ҳақли.

Факулътетимизда бир ўқитувчига ўртача 12-15 талаба тўғри келади. Дарслар 35-40 талаба жамланган хонада ўтиладики, ўқитувчига яқинлашиш мутлақо иложсиз ишга айланади. Ўқитувчининг бу пайтдаги ҳолатини концерт залидаги якка хонанда ҳолатига ўхшатаман.

Бугун ҳам дарсга бориб келдим. Орқадаги бир бурчакда мудраб ўтириб келдим. Умуман, олдиндагилар ҳам, ўртадагилар ҳам мудраб ўтирадиган дарслар эди ўзиям. Формам жойида бўлса бўлди уларга, контракт пулини тўлаб қўйсам бўлди уларга, синдириб қўйган партамни жойига қўйиб қўйсам бўлди уларга, нималар ўйлаётганим, нималар хоҳлаётганим, нималар қилаётганимни билишмайдиям, кутишмайдиям…

воскресенье, 9 марта 2014 г.

Хиёнат ва Жазо



Жан-Поль Сартрдан нега Нобел мукофотини рад этгани сабабини сўрашганида, “Нега энди менинг номимдан олдин бошқа одам номи туриши керак?” деган экан. Бир қарашда мақтанчоқликдек кўринадими? Агар мен ҳам кўпчилик каби ўйлаганимда, хатбошини “Буюк француз ёзувчиси Жан-Поль Сартр” ёки “Экзистенциализм отаси Жан-Поль Сартр” деб бошлар эдим…
Агар у мукофотни қабул қилганида бу ҳодиса фақат ва фақат Шведция Академияси фойдасига хизмат қилган бўлурди. Лекин Сартр шу туришича буюк. Унинг номи буюк сўзи билан маънодош деса ҳам бўлар. Чунки, унда шамоллар ҳавас қиладиган ЭРКИНЛИК бор эди. У бутун умри бўйи ҳеч қандай мажбуриятга бўйин эгмаган, буйруқларга лаббай демаган, тайзиқлардан қалтирамаган, ҳалоллиги ва бошқа шахсий принципларига ўла-ўлгунича содиқ қолган. Вақтнинг хира дарёсини соҳилдан туриб кузатган. Ўзлигига хиёнат қилмаган.
Бизникилар ҳеч қачон Нобел мукофотига яқинлаша олмаслигининг сабабларидан бири шу жойда ҳам бор. Гапни айлантириб обкеламан, майлими. Охирги пайтларда метрода кўп юрадиган бўлдим. Ҳар сафар “Пахтакор” ва “Алишер Навоий” метро станциялари оралиғида дилимни хуфтон қиладиган кўргуликни кўраман. (Ҳоз, битта тутатиб келай) …


Хуллас, ўша жойда одамлар югуради. Ўзига ташқаридан боқа олмайдиган одамларнинг турли жинс ва ёшдаги тоифалари бир-бирини босгудек бўлиб югуради. Ҳа, уларнинг тезлигига, вақтни қадрлашларига гаап йўқ. Уларда айб ҳам йўқ.

Ҳар сафар метродаги шу ҳолат вақтида, чемпионатимиз эсимга тушиб, қулоғимгача қизараман. ( Бакировнинг огоҳлантиришларига нега қулоқ тутмадим-а?). Дедлайн кунлари қандай шошиб-пишиб, овқатланишларни ҳам унутиб, елиб-югуриб, чалакам-чатти гапларни териб, “бир амаллаганларим” эсимга тушади. Ишни тугатиб, твиттерга кирганда, Хушнуднинг масъулиятсизликда, “звИздалик”да айблаганларидан ранжиб, ўзимни турнирдан ташқарида деб эълон қилишим-у, кейин бу сўзимда тура олмаганларимни эслаб музтар бўламан. Каин “ижтимоийлашинглар”и билан ижтимоий ҳаётдан бездиради, Асланов “Князь жинни бўлиб қолибди” деб кулади, Тўлқин ака эса “Азизбой, ҳурлиқога гап отма!” дея огоҳлантиради. Шокиржоновга ўхшаган ҳомийлар эса, “Мукофот керакми, ёзасанн!!!” деб миннатона ва таҳдидона боқаётгандек туюлаверади. Бир ёқда биттаси, Жалоловмидией, “Мелисадан қўрқар экансанда” дея миййангни пармалайди, бир ёқда янги авлод вакиллари (каллалари ҳам янги, ишлатилмаган, “свеежииий”) ўз мухлислик дидлари билан босим юклайди. Уёқда эса, Гугусига финалга чиқаман деб ваъда бериб қўйгансан…

Ахир қандай қилиб “звИздалик” қилайинки, аслида ўзимни бир график тартиб бўйича меҳнат қилаётган қул-блогердек ҳис қилсам?
Ахир қандай ижтимоийлашайки, ижтимоий ҳаётдан улоқиб, узилиб яшаётган бўлсам?
Агар ўзимни жиннидек тутмасам, бошимга қонун-қоидалар бостириб келмайди-ми?
Агар мулоқот эҳтиёжимни қондирмасам, қонундаги жинни бўлиб қолмайман-ми?

Аввал ўзимга етгулик ўз услубим бор эди.  Босқичдан-босқичга ўтар эканман, ҳакамларга ёқиш ҳақида ўйлайдиган, улар истаган услубда ёзадиган, яъниким, уларнинг айтганини бажарадиган бўлиб қолдим. Босқичдан-босқичга ўтар эканман, бу пойгамизда ортда қолганлар олдида юзим қорая борди. Виждонимдаги тугунлар кўпая борди. Босқичдан-босқичга ўтар эканман, вижир-вижир фисқу-фасод гаплардан кўнглим озурда бўлиб, уларга жавоб қайтаришга ожиз ҳолда борардим. Тишимни-тишимга босиб борардиму қулоқларим оғрирди.
Энди мен, бу чемпионатда қатнашишга рози бўлганимни умримдаги хатолар қаторига қўшиб қўйдим. Энди, Гугусига ҳазиллашиб айтибқўйган сўзимнинг устидан чиқиш учунгина, (финалга етиб борсам, шундай шарт бор эди) “Князь” ни ўлдириб, “Граф” ни яратдим. Ўзлигимга хиёнат қилдим. Ҳаёт издан чиқди. Ундан ҳам оғир жазо шу бўлса керакки, У энди ёзганларимни ўқимай қўйган…
бу гапларни чиқарвормасам бўлмасди. энди эркиинман

КИБР КЎРГАЗМАСИ



Бу ҳаётда яшашнинг шарти муттасил рўй берадиган йўқотишлар азобига бардош бериш экан...


Ҳафсалани пир қилишга шошилманг, сизга йиғлоқи новелла ўқиб беришга ҳавасманд бўлганим йўқ. Унақасини ёзолмасман ҳам. Ахир, ёш ва соғлом одам нега тушкун бўлиши мумкин.
Негадир кўпчилик каминани фақат ғамгин ва тушкун нарсалар ёзиб юради деб ўйлайди. Ҳатто, мени қандайдур ғаламис деб шубҳаланадиганлар ҳам бор..
Ахир тақдир мени яхшигина сийлади, яшаш учун оғир курашлар нима эканини билмадим, жудаям ночор аҳволларда қолганим йўқ, кўплаб яхши одамларни учратдим. Аммо вақти-вақти билан шаънимга ҳарсангтошлар улоқтиришганиям бор гап. Агар ўша одамлар қилган ишлари учун яхшигина жавоб қайтмаслигидан умидвор бўлган эрсалар, бу росалигам соддалик бўлур эди, камина ҳам қўлимга илинган тошчаларни отиб қолганман.

Шунчаки, ўтмишни хотирлашим билан умум томонидан қабул қилинишича инсон юраги жойлашган мана шу кўксим қайноқ қийноқларқа тушади. Ва шундай ғамгин гаплар ёза бошлайман.

Мен бу дунёда яшаб муттасил йўқотишларга мустаҳиқ этилдим. Бунинг афсусини тўла ифодалай олган ҳолатни учратган эмасман. Менинг афсусим бу ер юзида қолувчи сўнгги одамнинг ҳечким тингламайдиган пушаймонига тенгроқ янгроқ бўлар балки. Шунда мен Ахилл каби ғазабланаман, лекин эски дунёга ўт қўймайман, чунки шундоғам кўп кўприкларни ёқиб юборганман…

Лекин ўзимни афсусланмасликка, ачинмасликка ўргатишим керак.
Кириш қисми учун шунча кўп вақт сарфлаб юборганимга сабаб, бу киришнинг ўзича муҳимлиги эмас, муҳими бу сафсаталарнинг аслида рўй-ростлигига ишонишга тайёрлаш эди.
Агар биров сўраб қолса, абадий шундай яшашга тайёрлигимни айтардим:

1989 йил бошланганди. Тянъанъминъ майдонидаги талабалар қирғинига оз қолган, Абдулла Орипов мадҳия учун шеър ёзаётган, одамлар туман марказига транспортда боришни орзу қилишаётганди. Форс қўлтиғида Катта Буш уруш олиб бораётганди.
Ўша қор кўп ёққан қиш кечасида мен келганман. (Ўша тунда отам 40 км масофани яёв юриб ўтган экан)

Мен дунёни ўзгартириш учун келганим йўқ, бу иш учун битта одам қанчалар ожиз…
1998 йил ҳали тугамаганди. Бу пайтда Францияда ўтган ЖЧни томоша қилгандик. Абдулла Орипов кичик тўртликлар ёзишга ўтганди. Одамлар энди туман маркази билан уяли телефон воситасида боғланишни орзу қила бошлашувди. Океанортида эса Кичик Буш ҳокимият тепасига яқинлашиб келаётганди.
Мен мактабга қатнашни хоҳламай қўйгандим. Ўзимни ўзгартириш ташвишига тушиб, нима учун келганим ҳақидаги саволга “Одамларни хафа қилиш учун” деб жавоб топгандим.

Кейинроқ йилларни ҳисобламай қўйдим. Чунки вақтни сезмасдим. Воқеликдан ташқарида яшаётган каби йиллар бўйлаб сайр қилардим, гоҳ тепага, гоҳ пастга. Параллел-перпендикуляр…

Ҳаёт кўз-онгимдан худди ёмғир каби енгил ва силлиқ оқиб ўтарди. Мен бошимни эгиб, фақат оёқларимнинг учига қараб яшардим, зеро бу менинг ўйланмаслигимга ёрдам берарди. Бу худди бошқаларга ботир кўриниш учун қўпол бўлишга мажбурлик ёки нафосатли кўриниш учун қўрқоқ аталишдан бирини танлаш мажбуриятига ўхшарди. Ортиқча одамнинг қисмати ғойиб бўлишдир. Ҳозир иложи борича самимий ёзишга ҳаракат қиляпману, лекин ундан олдин самимий яшаб қўйганман.

Агар биров сўраб қолса абадий шундай яшашга тайёрлигимни айтаман.
Яна неча йил яшашимни билмайман. Муҳими сиҳат-саломатли ва руҳий хотиржамликда ўтказсам бас бу узайтирилмайдиган муҳлатни. Шу шаҳардан ташқарига чиқмасам ҳам майли. Боғчамда тер тўкишдан бошқа ерда ишлаш заруратидан халос бўлсам. Жума кулари масжидга бораман. Йилда бир неча марта бозорга ва стадионга тушаман. Ҳар ойда журналимни, ҳар ҳафта газеталаримни олиб турсам кифоя.

Ёлғизлик дарди юрагимни сиқувга олганида, у билан гаплашиш учун қабристонга бораман. Қолган вақтни мени умидсизликдан ҳимоя қилувчи урф-одатлар маросимида ўтказаман. Баъзан бетайин кунларда анҳор бўйига тушаману сувга тикилганча соатлаб ўтираман…
.

четверг, 6 марта 2014 г.

Учинчи йўл



Талабалигимнинг илк чоғларида, 2005 чи йил кузида, талабалар шаҳарчасида шаҳарчани янгидан қуриш учун умумталабалар сафарбарлиги эълон қилинган даврда ҳали одамлар билан бирга, кўча-кўйда овқатланишдан тортинмайдиган пайтларим эди. Ҳар куни тушгача талабалар армияси қатъий тартибда меҳнат қилар ва кейин овқатланиб келиш учун қўйиб юборилар эди. Гуруҳ-гуруҳ бўлиб шу атрофдаги арзон ошхоналарга жўнар эдик. Тежамкорлар “ўзбекча”, чўнтаги бақувватроқлар “америкача” тушлик қилишарди. Гамбургерни ҳам, гуммани ҳам ўша пайтда еб кўрганман.
Котлет грилда қовурилса бургер бўлади. Булка ичига котлет тиқилса, гамбургер дейишади буни. Миллий маҳсулотимиз гумма 50 сўм бўлгани ҳолида, ўшандай гамбургерларни 10 баробар нархида сотиб олардик. Кейинчалик, “Fast Food” нинг турли-туманлари чиқиб кетди. Гамбургер ичига яна маза-матрасиз пишлоқ қўйилса, чизбургер бўлади. Унинг ўрнига тўқсариқ пишлоқ қўшилганда эса, “Чеддер мелт” тайёр деяверинг. Энг оддийси сендвичдан тортиб, “Субмарина” га ўхшайдиган узунчоқ “Суб”, ҳар куни Бунёднинг жонига оро кирадиган лаваш-у Америка тимсолларидан бирига айланган қўшгамбургергача.
Қўшгамбургерда ҳамма нарса қалаштириб ташланган, очиқ-ошкоралик (ичида нимаики бўлса ўзига жалб этиб, кўриниб туради), америкача иштиёқ ва америкача омилкорлик (бир йўла бир порцияда икки гамбургер егандек бўласан), америкача исрофгарчилик ва америкача бефаросатсизлик ҳам, ва буларнинг баридан келиб чиқадиган америкача аҳмоқоналик ўз ифодасини топган.
Қўшгамбургер еяётганингизда, уни оғизга сиғдираман деб хунук бир очкўзликни кўз-кўз этишингизга тўғри келади. Котлетлар ва кесилган пиёз доирачалари чиқиб кетади агар лабларингиз ҳали бу таомга мослашмаган даражада бўлса, қайла бармоқларингизга томади, юзингиз булғанади.
Ўзбекистон эса гумма ва пирожкалар мамлакати. Гуммаларда ҳам кўп маънолар бор, ўзбекларнинг борига қаноат қилиш хусусияти айниқса ҳаммага қўл келади. Уни иситиш, ҳатто чўнтакда олиб юриш мумкин. Алдашга асосланган миллий иштиёқ ундадир мужассам. Мен ичидаги масаллиғи хамиридан кўп бўладиган гуммани учратишни орзу қилардим ҳамиша. Гуммада халқимизнинг ишонувчанлиги ҳам акс этади. Уни сотиб олаверасан, ичида нима борлигини эса билмайсан, яхши бўлишига ишонасан.
Мен ҳозир бу икки таомдан нарироқ юраман.

пятница, 28 февраля 2014 г.

Сиз ҳақингизда



Бу сафар кириш сўзни кўп чўзмайман. Кеча твиттерда ҳамма ўз вилоятидаги овқатларни мақташга тушибкетганида бошланди хуллас ҳаммаси. Ва бошқа кўп масалаларга ҳам туртки бўлди кейин бу.

Яна ўша “қайнота”, яна ўшандай ёқимсизлик билан хитоб қилади: “Вилоятингиздаги ватанпарварликни неча фоиз деб ҳисоблайсиз?” Бу суллоҳ ватанпарварликни ҳам, нисбийликни ҳам, математика нима-ю кўнгил нима эканини ҳам билмасдан ўлиб кетишига ачинаман.

Ватанпарварлик ҳақида ватан мустақилликка эришган кунларда ҳеч нимани англамаган, яъни, қандай кураш ва изтироблар билан бу неъмат қўлга киритилганига гувоҳ бўлмаган, шу сабабдан бу неъматни етарлича қадрлай олмайдиган бир бенаводан объектив қарашларни кутмаслигингиз кераклиги ҳақида огоҳлантириб қўяйин.

Инсоният пайдо бўлибдики, одамларни “бизникилар” ва “бегоналар”га ажратиш давом этиб келади. “Бизникилар” – бу шундай ижтимоий гуруҳки (қабила, уруғ, тоифа, диндошлар, тенгдошлар, ишдошлар), одам улар билан бир бутунлигини ҳис этиб, уларнинг олдида ўзини бурчли ҳисоблайди. “Бегоналар”га нисбатан эса бундай масъулиятни ҳис ҳам этмайди, зиммасига ҳам олмайди.

Албатта, умумўзбек қадриятлари мавжудлигини инкор этиб бўлмайди. Маънавиятшунослик дарсларида ҳамиша биринчи галда кўз-кўз қилинган меҳмоннавозлик хусусиятларимиз, ҳар куни ҳар ерда гувоҳ бўладиганимиз болажонлигимиз, қон-қонимизга сингиб кетган ҳалоллик, бағрикенг миллатлигимиз, Алпомиш-у Темур авлоди эканимиз – ҳамма-ҳаммаси умумўзбек қадриятлари саналади. Ватан, Ўзбекистон ва ўзбеклар – шубҳасиз жамловчи, яхлит тушунчалардир. Бу қадриятлар азал-азалдан бешикданоқ онгларимизга сингдирилган ва сингдирилишда давом этажак. Шу билан бирга оммавий ахборот воситалари, таълим тизими, бадиий адабиётлар воситасида ҳам кенг тарғиб қилинади бу тушунчалар. Бироқ кузатишлар шуни кўрсатадики, бу юксак қадриятлар аксарият қуруқ ваъзхонликдан иборат бўлиб, бирмунча мавҳум ҳисобланади. Аслида эса муайян ўзбек ўз миллатдошини “бизникилар” гуруҳининг тенг ҳуқуқли аъзоси сифатида қабул қилмайди. Гап билан амалиёт ўртасида жуда катта фарқ мавжуд. Тасаввур қилинг, “Ватанингизни севасизми?” мавзуида сўровнома ўтказсак, барча баралла овоз билан ўз изҳорларини бошлаб юбориши тайин. Лекин бунинг ўрнида, “Фарзандларингизни қандай тарбияламоқдасиз?” саволи бўлганида, “ватанпарварлик руҳида” кўринишидаги жавобни учратгунча анча уринган бўлур эдик…

Яна шундай тасаввурларим борки, кўпчилик ўзбеклар Ўзбекистон деганда унинг серқуёш жаннатмакон ўлка экани, тарихий обидаларини, кундалик турмуш тарзини назарда тутадилару, бироқ бошқа миллатдошларини хаёлларига ҳам келтирмайдилар, бу ўринда шунга ўхшашроқ шиорнамо гапни келтириш мумкин: “Менинг (ёки яқин қариндош-уруғларимнинг) манфаатлари бошқа барча ўзбеклар манфаатларидан устун туради”. Шунингдек, биз ўзбеклар, жиноятчи, албатта жазосини олиши керак деб ҳисоблаймизу, лекин қариндош-уруғларимиздан бири қамалиб қолса, уни қилмишига яраша жазо олишидан сақлаб қолиш учун қўлимиздан келадиган ишларнинг ҳаммасини қиламиз. Ёки, “Ватанни албатта ҳимоя қилиш керак, бироқ арзанда ўғил ҳарбий хизматни хоҳламаса, уни уйда олиб қолиш уятли иш эмас”...

Турди Фароғий “Тор кўнгилли беклар…” ида “Тўқсон икки бовли ўзбек эли тенглик қилинг…” деб ёзганига икки ярим асрдан ошаяпти. Бироқ чор-атрофга назар солсак, вазият ҳамон ўзгармагани кўринади. Энг ташвишли томони, бундай тор маҳаллийчилик ва қариндош-уруғчилик, катта авлодда ҳам, ўрта авлодда ҳам, айниқса ташвишлантирарлиси ёшлар орасида ҳам кенг урф бўлганидир. Натижада, “масъулият миқёси” асосан оила аъзолари ва ёр-биродарларнигина қамрайди. Бутун мамлакат, Ватан эса кўпинча баландпарвоз гап-сўзлар бўлиб, деярли жиддий таъсир кучига эга эмас. Бундай “масъулият миқёсларининг торлиги”, фуқаролик ҳиссиётининг йўқлигига, фуқаролик ҳиссиётсизлиги эса ижтимоий муаммоларга (электренергия қуввати ва сувни тежаш, атроф-муҳитни ифлосламаслик, талабаларнинг кўплаб ҳуқуқлари бузилиши каби барча учун тегишли масалаларда) бефарқлик билан қарашга олиб келади. Оқибатда, жамият ҳам, унинг ҳар бир аъзоси ҳам зиён кўради. Энди одамлар “Қанчалар ҳотамтой, мард, бой-бадавлат, сўзамол, обрў-эътиборли, уддабурон эканимни қўни-қўшнилар, узоқ қариндош-уруғлар, ҳамқишлоқлар, меҳмонлар, (демакки шунчаки "бегоналар") кўриб қўйишсин!” қабилида иш тутишади. “Агар ҳасад қилсалар, аламдан ёрилиб ўлмайдиларми менга деса” деган мулоҳазалар ҳам йўқ эмас. Шунинг учун ҳам аҳолиси бадавлат қишлоқдаги уйлар кошонадан сира қолишмаса-да, ҳамма юрадиган марказий кўчалари ёзда чангиб, қишда балчиғи чиқиб ётади. Ёки, шаҳарлардаги кўпқаватли уйларнинг йўлаклари ва ҳовлилари ахлатхонадан фарқ қилмайди. Умумий фойдаланиш жойларида ҳам шунга ўхшаш аҳвол.

“Бизникилар” ва “бегоналар” омили келтирадиган кулфатларимиз шу қадар кўпки, ҳали-ҳамон бизда чин ватанпарварлик туйғулари шакллана олмайди.

Шундай маҳаллийчилик туфайли, "ғарблик курсдошларим"га алоҳида, "шарқлик курсдошларим"га алоҳида чойхона қиламан.

Шундай маҳаллийчилик туфайли қайси университетда қайси вилоятлик ректор ёки проректор бўлса, шу ердаги талабалар миқдори ҳам шу омилга мутаносиб бўлади.

Шундай маҳаллийчилик туфайли, масалан, қўқонликлар Бухородан келин қилмайдилар (ва бунга мисоллар биттагина эмас, юзтагина эмас, мингтагина ҳам эмас).

Қандай шов-шувли жанжал ўйлаб топсам экан деб ўтирган кунларимдан бирида, бу қийшиқ бошимга, буларнинг ҳаммасига ўша алмусоҳдан қолган тариқатлар сабаб эмасмикан деган фикр келиб қолди. Қўқон хонлигининг асосчиси Яссавий, Бухоро амирлигиники Нақшбандий, Хивада Кубро…

Нима демоқчилигимни, нималар демоқчилигимни бу учала таълимот билан яхшилаб танишсангиз билиб оласиз. Мен ҳаммангизнинг саволларингизга жавоб берадиган даражада аҳмоқ эмасман :D

понедельник, 17 февраля 2014 г.

Jurnalistdan hech kim qo`rqmaydi!






Hozir, dedlaynga bir soat nari-berisi vaqt qolganida, kursdoshlarim davrasida, yakunlangan semestr g`iybatini tinglab, o`tgan kuni tug`ilgan kunimda sovg`a qilingan “Arsenal” formasiga burkanib, shiringina bo`lib o`tiribman. O`z bekorchixo`jaligim bilan ko`p maqtansamda, shu kungacha bir satr yozishgayam imkonim bo`lmagandi. Mendeleyev emasmanki, u tushlarida jadval tuzgan kabi, men ham uxlayotganimda blogpost uchun mavzu topa olsam. Yoki, Chaykovskiyga o`xshab, faqat tushlarimda ijod qilib chiqsam. Lekin, shunday qor ko`p yoqqan qish kunlarining birida, qalovini topib, qor yondirish mumkinligi haqidagi matalni eslab, o`zimga dalda beraman va yozishga kirishaman. Ushbu blogpost mavzusini davramizda kechayotgan suhbat belgilab berdi.

Ikki yil muqaddam, darslaridan birida, twitter va jurnalistika olamiga ma`lum-u mashhur “qaynotamiz” “Jurnalistdan hamma, hattoki hammani qo`rqitadigan jonajon militsiyamiz ham qo`rqadi” deb qo`ygan edi.

To`g`ri, balki yaqin o`tmishda yozuvchi-jurnalistlar mahalla mirshablarini qo`rqitar darajada bo`lmasada, undan keyingi o`rinda turadigan shaxs hisoblangandur ham. Unga ham xuddi hokimiyat vakiliga qulluq qilgandayin hurmat bajo keltirishgan, xuddi xosiyatli bir tushni ardoqlagandayin, uni ham ardoqlashgan bo`lsa bordir. Shuningdek, uning shaddod qalami ostidan nimaiki chiqsa, yutoqib o`qir  edilar-da!..

O`sha muborak zamonlarda jurnalistlar azbaroyi jonkuyarlik bilan yonib-yonib, muvaffaqiyat uchun tirishgandir deb o`ylaysizmi? Xuddi shu so`zlar lotin imlosida yozilayotgani qanchalik haqiqat bo`lsa, ijodkor toifasi qanchayin dangasa xalq ekani shu qadar ayonku!?

Jurnalistdan nega hech kim zig`ircha qo`rqmasligi uyoqda tursin, hatto mensimay qo`ygan? Umuman, jurnalist deganda kim keladi ko`z o`ngingizga? O`n yillar oldin esa, yana bir o`qituvchi opamiz, jurnalistlar uchun ideal qiyofa sifatida Gi de Mopassanning “Belami”sini taklif qilgandi. Ha, albatta undan, dresskod uchun namunaviy jihatlarni qabul qilish ham mumkin, lekin, bizda na yuksak martabali tadbirlar va na fransuzcha uslubda kiyinish imkoniyati bor. Niyat bordiru, imkoniyat yo`q :)

“Jurnalistik tekshiruv”dan dars o`tgan aka esa, tekshiruv o`tkazayotgan jurnalistning xarajatlari, masalan morg qorovuliga ataydigan choychaqasi yoki, Samarqandga borib, yashab, ishlab, qaytish davomidagi sarflarini tahririyat qoplaydimiligini so`raganimda, “Yo`q” degan..

Endi tasavvur qiling, derazadan qarab, ikki yillardan beri yangisiga almashtirilmaydigan, anchadan beri ximchistka ko`rmagan syurtigiga o`ranib, gonorarini tushlik va yo`lkiraga sarflab tugatishdan tiyilgan kamsuqumgina qahramonimiz yayov o`tib bormoqdaligini ko`rib qoldinggiz. “Qoch, jurnalist kelmoqda!” deb, qo`rqqaninggizdan eshik-derazalarni ichkaridan tambalab olishingizni esa, men tasavvur qila olmaymanku.


Xullas, "to`rtinchi hokimiyat" deb iddao qiladiganimiz jurnalistikaning ahvoli tanqiddan tuban. Faqat o`zimizgina muqaddas deb biladigan kasbi-korimiz, boshqa hammaning ko`ziga ta`magirlik, yugurdaklik va tekinxo`rlik sifatida ko`rinadigan bo`lib qolgan. To`g`ridan ham, bu kasb bir tiyinga qimmat.  Chiqaradigan gazetalarimiz ham bir tiyinga qimmat - makalatura bo`lishga yaraydi xolos. Yozadiganlarimizdan birovga bir tiyinlik foyda bo`lmaydi - na biron narsani ko`tarib chiqa olamiz, na bir ojizona ovozimiz bilan hurib qo`yib, bironnimani o`zgartira olamiz. Aslanov-u Muxrim va Diyorlar "Chempion" va "Stadion"da shuncha yozib, bironta orzusiga erishish tugul, birgina taklifi haqida kimdur jiddiy o`ylab ko`rdimi? Kimdadur hafsala qoldimi?.. 
Qolaversa, fakul`tetlarimizda shunday lo`ttiboz, qo`rqoq va saviyasiz o`qituvchilar dars o`tishi esa, muhitni yomonlashtirgandan-yomonlashtiradir.

Avlodlar ketidan avlodlar kelaveradi, avlodlar ketidan avlodlar kelib shu botqoq muhitga qulayveradi.

воскресенье, 2 февраля 2014 г.

Ҳаяллаётган келажак



Агар шунақа исмлар қўйилганида, мени Ўйчан деб атардинглар. Сайёралар нима учун айланса, камина ўшанинг учун ўйланаман – бинобарин, сайёралар айланмай, мен эса ўйланмай тура олмайман.